Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари пойтахтдаги жоме масжиднинг янги биносига тамал тоши қўйдилар

Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Имом Ҳасан” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдилар.

Ташриф давомида муфтий ҳазратлари бошчилигидаги бир гуруҳ уламолар, имом-домлалар ва нуроний отахонлар “Имом Ҳасан” жоме масжиди биносининг биринчи ғиштини табаррукона қўйиб бердилар. Ушбу улуғ инсонлар масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари масжид лойиҳаси билан танишиш асносида Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани ҳақида сўзлаб бердилар. Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар.

Жоме масжидларга ташриф давомида муфтий ҳазратлари Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Шайх Зиёвуддинхон” ва Олмазор туманида жойлашган "Искандархўжа" жоме масжидларини қайтадан қуриш режаларини муҳокама этдилар. Ушбу жоме масжидлар ҳам тез кунларда қайтадан бунёд этилиб, халқимизга туҳфа этилишини Ҳақ таолодан сўраб дуо қилдилар.

Муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидларга ташрифлари чоғида мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши, атрофларини обод ва кўркам этиш, қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш ҳамда катта йўл бўйидаги жомеларда аёллар намоз ўқишлари учун шарт-шароитлар ҳозирлашга алоҳида урғу қаратиш борасидаги муҳим тавсияларни бердилар.

Тамал тоши қўйиб берилган "Имом Ҳасан" жоме масжиди барпо этилишига жуда катта ҳисса қўшаётган инсонлар, қурувчи-муҳандислар, саховатпеша кишилар ва ўз ерларидан масжид қуриш учун жой ажратиб берган мурувватли инсонларнинг ҳаққиларига ва уларнинг ўтган марҳумларининг руҳи покига Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан кўпдан-кўп дуолар қилинди.

Аллоҳ таоло ушбу жоме масжидларни тез кунларда бунёд этилиб, халқимизга муборак айлашини насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1856 марта ўқилди

Янгиликлар

Top