Ўзбекистон янгиликлари

Баҳрайндан муносабат: Мотуридийнинг «жаҳолатга қарши маърифат» ғоясини ёшларга етказишимиз зарур

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида «Мотуридийлик – мўътадил таълимот» мавзусида онлайн халқаро семинар ўтказилди, хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати семинарда Баҳрайн университети араб тили ва исломшунослик кафедраси профессори, ислом илмлари бўйича етакчи олим Aднон Муҳаммад Зарзур маъруза қилди.
– Aйни пайтда инсоният Имом Мотуридийнинг фикр-мулоҳазаларига эҳтиёж сезмоқда,– дейди Aднон Муҳаммад Зарзур. – Чунки инсон қадр-қиммати, унинг жамиятда тутган ўрни Мотуридий таълимотида юксак ўринни эгаллаши, шубҳасиз. Мазкур билимларни муфассал ўрганиш ва тадқиқ этиш орқали “жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, бағрикенглик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини аҳолига, айниқса, ёшларга етказиш зарур.
Олим ҳар қайси юртнинг миллий-диний қадриятларини асраб-авайлаш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, ислом оламида мутаассиблик ҳамда ақидапарастлик ғоялари тарқалишининг олдини олишда ислом дини ва Мотуридийлик таълимоти муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Семинарда сўзга чиққанлар Имом Мотуридийнинг ҳаёти, илмий фаолиятига тўхталиб ўтишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

317 марта ўқилди

Янгиликлар

Top