Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қори Украинада хатми Қуръонларда иштирок этади

Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан уламо ва қориларга хориж ўлкаларида катта ҳурмат билан қаралган. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда юртимиздан минглаб қорилар етишиб чиқмоқда.

Бу йили муборак Рамазон ойида икки минг уч юзга яқин ҳофизи Қуръонлар юртимиз масжидларида хатми Қуръон қилиб берадилар. Шунингдек, ҳар йили хорижий давлатлар диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида таровеҳ намозларини адо этиб бериши анъанага айланди.

Жорий йилда ҳам ушбу анъана давом этади. Бу йил Рамазон ойида Украина мусулмонлари идорасининг таклифига кўра Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Фаррух қори Худойбердиев таровеҳ намозларида жамоат билан Қуръони каримни хатм қилиш, диний-маърифий тадбирларни ўтказиш учун Киев шаҳрига етиб борди. Фаррух қори мутасаддилар томонидан кутиб олинди, ҳозирда таровеҳ намозларида хатми Қуръонларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Шу кунгача ўзбекистонлик қорилар АҚШ, Россия, Украина, Малайзия каби давлатларда намунали тарзда хатми Қуръонлар ўтказиб, диний маросимларда иштирок этиб келмоқдалар.

Аллоҳ таолодан қориларимизга ўзга юрт меҳробларида нусрат тилаб, юзлари ёруғ, ҳифзлари мустаҳкам бўлишини, буюк алломаларимиз каби Ватанимиз довруғини баланд кўтарсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари матбуот хизмати

1352 марта ўқилди

Янгиликлар

Top