Ўзбекистон янгиликлари

Россия масжидларида Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойлари фотокўргазмаси ўтказилади

Россия Федерацияси мусулмонлари диний бошқармаси раисининг муовини Рушан ҳазрат Аббясов Москва жоме масжиди анжуманлар залида ўзбекистонлик делегация билан учрашди.

Йиғилиш аввалида Рушан Аббясов Россия Федерацияси Мусулмонлари диний бошқармаси раиси муфтий Шайх Равил Гайнутдин номидан салом етказди, муфтий жаноблари ҳам Бухородаги Мир Араб олий ислом мадрасасида таълим олганини таъкидлади.

Рушан ҳазрат Аббясов пандемиядан кейинги даврда дунёнинг босқичма-босқич жонланиши шароитида зиёрат туризми салоҳияти, айниқса, долзарблашиб бораётганини таъкидлади. Учрашув давомида томонлар Ўзбекистонга имом ва журналист ва блоггерларнинг зиёрат қилиш орқали зиёрат туризмини тарғиб қилиш, шунингдек, Россия масжидларида Ўзбекистоннинг маънавий диққатга сазовор жойлари ҳақида фотокўргазмалар ўтказиш имкониятини ҳам муҳокама қилдилар.

Тадбирда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раисининг маслаҳатчиси Ўткир Саидов, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси маслаҳатчиси Алишер Зиямухамедов, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ходими Ҳабибулла Солиев ҳам иштирок этди.

Шундан сўнг иштирокчилар учун Москва жоме масжидига саёҳат уюштирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1472 марта ўқилди

Янгиликлар

Top