Ўзбекистон янгиликлари

Очиқ осмон остидаги таровеҳ намозлари қалбга роҳат бағишламоқда

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари Рамазони шарифни катта шодиёна ва чексиз хурсандчилик ила якунига етказмоқдалар. Юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ушбу ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият билан ниҳояламоқда.
Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, бу йил мамлакатимизнинг масжидларида таровеҳ намозлари ўқилмоқда, 1380 дан ортиқ жомеларда хатми Қуръон тиловатлари янграб турибди. Мўмин-мусулмонлар ҳар оқшом масжидларимизни тўлдириб, карантин талабларига риоя этган ҳолда ибодатларда бўлмоқдалар.
Маълумки, дунёда коронавирус билан хасталанганлар сони ортиб боряпти. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимизни англатади. Таровеҳ намозларида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз, бир-биримизни асраб-авайлашимиз керак. Зеро, динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради.
2021 йил 17 апрелда ўтказилган Махсус комиссиянинг навбатдаги йиғилишида масжидларда ўтказилаётган таровеҳ, хатми Қуръон ибодатларида карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланган эди. Шу боис, 18 апрелдан таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда, очиқ айвонлар, масжид ҳовлиси, масжидга туташ ички кўчаларда адо этиш ва санитария қоидалари ва карантин талабларига тўлиқ риоя этиш жорий этилган.
Шунингдек, ҳар бир намозхон масжид ичида ва намоз давомида тиббий ниқоб таққан ҳолда бўлиши ва масжидга киришда дезинфекция воситасидан фойдаланиши, бино хоналарини ҳар кунлик дезинфекция қилиш, кириш-чиқиш жойларини пирометрлар (контактсиз ҳарорат ўлчагич), антисептик воситалар билан жиҳозлаш каби муҳим жиҳатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, юртимиз аҳли муборак ой давомида таровеҳ ва тоатларда қоим бўлиб, ихлос ва сомеъ билан ибодатда бўлмоқдалар. Айрим қўшни ва мусулмон мамлакатларида коронавирус хасталиги сабаб бундай неъматдан ҳамон бебаҳра қолмоқдалар.
Бундай ибодатлардан масрур бўлган мўмин-мусулмонлар ўз дуоларида Аллоҳ таолодан таровеҳ ва хатми Қуръон барокатидан юртимизга тинчлик, осудалик, халқимизга фаровонлик, оилаларимизга қут-барака, беморларга шифои комил, ёшларимизга баркамоллик ҳамда кексаларимизга узоқ умр сўрашмоқда. Зеро, ҳадиси шарифларда “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди”, дейилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1175 марта ўқилди

Янгиликлар

Top