Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президенти Рустам Қосимов оиласига ҳамдардлик билдирди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун оғир касалликдан сўнг вафот этган давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, таниқли олим ва педагог Рустам Қосимов хонадонига ташриф буюриб, марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати берди.

Рустам Қосимов 1955 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг шарқшунослик факультетида ўқиб, меҳнат фаолиятини Тошкент сув хўжалиги институтида араб тили таржимонлигидан бошлаган.

Кўп йиллар олий таълим соҳасида турли вазифаларда ишлаган. 2004-2009 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари сифатида фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий соҳалар ривожига ҳисса қўшган.

Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифаларида ишлаб келаётган эди.

Р.Қосимовнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотланган эди.

Давлатимиз раҳбарининг кўнгил сўраши оғир дамда марҳумнинг оиласига ҳамдардлик, катта далда бўлди.

Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо қилинди.
Президентимиз марҳумнинг эзгу ишларини ёдга олди.
– Жуда қайғудаман. Қўлимиздан келганини қилдик. Худонинг иродаси экан. Ватанга садоқатли, фидойи, ақлли, миллатимизнинг зиёлиларидан бирини йўқотдик. Биз жуда кўп йиллари бирга ишлаганмиз, оғир кунларимиз ҳам бўлган. Ҳозир ҳам менга энг катта ёрдамчи, маслаҳатгўй эди. Илоҳим, жойлари жаннатда бўлсин. Ишларини фарзандлари давом эттирсин, – деди Шавкат Мирзиёев.

Марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлиши таъкидланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1365 марта ўқилди

Янгиликлар

Top