Ўзбекистон янгиликлари

“Муаммо дангасада бўлади”

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да имом-хатиблар ҳамкор идоралар мутасаддилари билан бирга жойларда халқ билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Имом-хатибларимиз аҳоли билан мулоқот ўтказиш учун хонадонларга кириб борганларида хонадон эгалари: “Ташрифингиздан бошимиз кўкка етди” дея миннатдорчилик билдирмоқда. “Нима камчилик, биздан қандай ёрдам, ечимини топиш керак бўлган қандай муаммолар бор?” дейилганида бир отахон бундай жавоб берди: “Муаммо дангаса ва бекорчида бўлади. Худога шукр, уй-жой, кийим-кечак... асосийси танимиз соғ, хотиржаммиз. Қолган камчиликлар ҳаётимиз мазмуни”. Бу жавоб барчани мамнун қилди.

Хонадонларда муаммоларга ҳам дуч келинмоқда: аразлашиб қолган ёш оилалар, дарс қолдираётган ўқувчилар, ака-ука ва опа-сингиллар муросасизлиги... Улар билан юзма-юз гаплашиб, керакли насиҳатлар берилди. Қувонарлиси, уларнинг аксари шу жойнинг ўзидаёқ муросага келишди. Моддий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга ҳам мутасадди идоралар ва имом-хатиблар баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимда-ким бир мусулмон дўстининг эҳтиёжини таъминлашга ҳаракат қилса – уни эҳтиёждан чиқарган ё чиқаролмаганлигидан қатъи назар – Аллоҳ аввалги ё келгусида қилиши мумкин бўлган гуноҳларини афв этади. Бундан ташқари, унга икки бағот (мукофот ёрлиғи) беради. Бири уни жаҳаннам оташидан, бошқаси нифоқдан ҳимоя қилади”,  дея марҳамат қилдилар.

Муқаддас динимиз таълимотларига холисона ёндашган киши борки, бу дин ҳар бир жамиятда аъзоларининг манфаатини таъминлаш борасида энг самарали натижаларни йўлга қўйганига амин бўлади.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да динимиз таълимотларига содиқ қолган ҳолда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ана шундай хайрли ишларимиз салмоғини ошириш ҳамда улар янада самарали бўлиши  учун ҳаракатда давом этмоқдамиз. 

 

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,

Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

 

6529 марта ўқилди

Янгиликлар

Top