Ўзбекистон янгиликлари

АҚШ, Россия ва Украинадаги қориларимиз Қуръони карим хатмини муваффақиятли ўтказди

Хабар берганимиздек, хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида юртимиз қорилари таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиб бериш ва диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун чет мамлакатларда бўлиб туришибди.

Жумладан, АҚШдаги Туркистон – Америка жамиятининг расмий таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Аҳмаджон қори” масжиди имом-хатиби Муҳаммадий қори Эргашев Қўшма штатларида;

Россия Федерацияси Узоқ шарқ мусулмонлари диний идораси таклифига кўра, Тошкент шаҳридаги “Тўлқин Акром ўғли” масжиди имом ноиби Жамолиддин Қодиров ва “Саид Ваққос ота” масжиди имом ноиби Фазлиддин Мамадалиев Владивосток ва Жанубий Сахалин шаҳарларида;

Украина мусулмонлари идорасининг таклифига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими Фаррух қори Худойбердиев Киев шаҳридаги масжидларда маҳаллий мусулмонлар жамоати билан таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиш, мазмунли диний-маърифий тадбирлар ўтказиш учун борган эди.
Хориждаги маҳоратли қориларимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлимига хабар беришича, Америка, Россия ва Украинадаги жоме масжид ва жамоат ташкилотларида юртимиз вакили сифатида хизмат сафарида бўлиб турган қориларимиз Рамазон ойида масжид жамоатига таровеҳ намозларида имом бўлиб Қуръони каримни муваффақиятли хатм қилишган.

Қориларимиз таровеҳ намози асноси, ифторлик маросимлари ва бошқа Рамазон тадбирларида маҳаллий мусулмонларга маърифий суҳбатлар уюштиришган. Уларда икки мамлакатнинг яхшилик йўлидаги ҳамкорликлари, халқимизнинг урф-одатлари, юртимидаги эзгу ишлар ҳақида маълумотлар берилди. Натижада қориларимиз фахрий ёрлик ва ташаккурнома, маҳаллий аҳолининг дуои хайрларига сазовор бўлишди. Ҳозирда қориларимиз Ватанга қайтишга тайёргарлик кўришмоқда. Тез орада мамлакатимизга етиб келишади, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таоло хориждаги қориларимизни ҳифзу ҳимоясида асраб, сафарларини бехатар қилсин, ватанимиз довруғини кўтарган, халқимизнинг илму заковатини кўрсатган қориларимиз кўпаяверсин!

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1492 марта ўқилди

Янгиликлар

Top