Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент Ислом институтида “Хатмона – 2021” битирув тадбири ўтказилди (+Фотолавҳа)

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 2017-2021 йиллар оралиғида таълим олган талабаларнинг “Хатмона – 2021” битирув тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИИ матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, раис ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Дин ишлар бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон халқаро ислом академияси Халқаро муносабатлар кафедраси профессори Муҳаммадсиддиқов Муҳаммадолим, Имом Мотуридий илмий тадқиқот маркази директори Даврон Мақсудов сингари мартабали меҳмонлар ташриф буюришди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом институтида узоқ йил меҳнат қилган фахрий устозлар, имом-хатиб ва ходимлар ҳам қатнашди.

Хатмона маросимини Диний идора матбуот хизмати ходими Абдулқаюм Йўлдошев олиб борди. Тадбир аввалида давлат мадҳияси янгради. Сўнг Тошкент Ислом институти 2-курс талабаси Абдулбасир қори Камалов Қуръон каримни тиловати қилди, Салоҳиддин устоз Шарипов хайрли дуо қилдилар.

Тадбирни Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Сўнг минбарга Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловлар чиқиб битирувчиларни табриклашди.

Ҳақ йўлида ким санга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзларида ҳеч қандай муболаға йўқ. Дарҳақиқат, устозларнинг ҳақлари беқиёс. Шундай экан, дил изҳорларини устозларга билдириш истагида бўлган тадбир иштирокчилари бўлган битирувчиларга навбат берилди. Абдулазиз Жуманов ўзбек тилида, Ҳикматуллоҳ Рўзиалиев араб тилида, Муҳаммадали Маҳкамов инглиз тилида, Ҳалилуллоҳ Асадуллаев рус тили устозларни ҳурмат ва эҳтиромни ифода қилувчи нутқ сўзлади.

Навбатдаги сўз битирувчиларни табриклаш ва уларга таълим берган устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириш учун хатмона кечасига келган ота-оналарга берилди. Улар мана шу тўрт йил мобайнида фарзандларига таълим берган устозларига қалб сўзларини изҳор этди. Битирувчи курс талабаси Асадуллоҳ Нуриддинов институт ҳақида ўзи ёзган шеърни ўқиб берди.

Шундан сўнг ўқиш давомида турли йўналишларда етакчи бўлган талабалар эътироф этилиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланишди.
Тадбирда устоз Салоҳиддин домла Шарипов ўзларининг катта ҳаётий ва касбий тажрибадан келиб чиқиб битирувчиларга керакли маслаҳатларни бердилар.

Тадбир якунида Олий маъҳадда бир неча йил ректор бўлиб ишлаган Зоҳидхон домла Қодиров битирувчи талабаларга оқ фотиҳа бериб дуо қилдилар.

Маълумот учун, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда Масжидлар бўлими биргаликда битирувчиларни юртимиздаги масжидларга имом-хатиб, ноиб имом вазифаларига, шунингдек олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига ўқитувчи лавозими бўйича ишга тақсимот қиладилар.
Таълимни давом эттирмоқчи бўлган битирувчилар магистратура босқичида ўқиш учун республика олий таълим муассасаларининг бирига ҳужжат топширишлари мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1575 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top