Ўзбекистон янгиликлари

Ҳуқуқий мавзуда давра суҳбати

 Яқинда “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида талабаларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Суҳбатга Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг судьяси Дониёржон Тожибоев таклиф этилди.

Давра суҳбатини билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев очиб, иштирокчиларни давра суҳбатига таклиф этилган меҳмон билан таништирди ва унга сўз берди.

 “Жамоат хавфсизлиги ва тартибига раҳна солувчи ҳуқуқбузарликлар ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти” мавзусида нутқ сўзлаган Дониёржон Тожибоев Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизими босқичма-босқич ривожлантириб борилаётгани, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, жамоат тартибини бузувчи ҳуқуқбузарликлар учун  меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган жавобгарликлар, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексда вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишга жалб қилиш, уларнинг тунги вақтда кўнгил очиш (дам олиш) жойларида бўлишига йўл қўйиш, порнографияни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, ташвиқ қилиш, намойиш этиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этиш, маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш учун маъмурий жавобгарлик белгилангани тўғрисида ҳам атрофлича маълумот берди.

Давра суҳбати сўнгида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Шавкатжон МАДАМИНОВ,

Билим юрти услубий бирлашма раиси

5848 марта ўқилди

Янгиликлар

Top