Ўзбекистон янгиликлари

Самарқандда “Хотира ва қадрлаш куни” нишонланди

2017 йил 4 май куни Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан “9-май Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан катта тадбир ўтказилди. Тадбирда вилоят вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом хатиблари, соҳада кўп йиллар хизмат қилганлар, фахрий имомлар, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти хизматчилари иштирок этди.

Буюк тасаввуф пешвоси Хўжа Аҳрори Вали қабри жойлашган “Хўжа Аҳрори Вали” масжидида ўтказилган байрам тадбирида дастлаб, бузруквор қабри зиёрат этилиб, Қуръон тиловат қилинди. Сўнг тадбирнинг бадиий қисмига ўтилди.

Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, меҳмонларга ташриф учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Хотира қадри ҳақида сўзлаб, ўтганларнинг элу-юрт учун қилган фидокорона меҳнатини ёдга олиш, уни муносиб қадрлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади. Бугунги кунда уруш қанташчиларига Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.  

Тадбир меҳмонларидан устоз домлалар, уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари йиғилганларга бугунлик кун қадрига етиш, уни асраб авайлаш тўғрисида гапириб, ушбу доруломон дамлар не-не машаққатлар маҳсули эканини хеч қачон ёддан чиқармасликка чорладилар.

Шундан сўнг дастурхонга таом тортилди. Меҳмонлар ноз-неъматлардан танаввул қилиб, ўзаро мароқли суҳбат қурдилар.

Тадбир сўнгида меҳмонларга вакилликнинг эсдалик совғалари улашилди.  

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Самарқанд вилояти вакиллиги

 

5122 марта ўқилди

Янгиликлар

Top