Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қорилар таровиҳ  ўқиш учун Россияга кетди

Қориларимизнинг Рамазон ойи муносабати билан таровиҳ  намозларини ўқиши учун қўшни республикаларга юборилиши ўзига хос яхши анъанага айланди.

Бу йил ҳам ўтган йилларда бўлгани каби, бир қатор қориларимиз жорий йил Рамазон ойида таровиҳ  намозларини ўқиб беришлари учун Россия Федерациясига жўнаб кетди.

Россия мусулмонлари диний жамияти таклифига биноан, 26 май куни, эрта тонгда 6 нафар – Чилонзор тумани Бош имом-хатиби Абдукаримов Ҳусниддин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамғармаси ходими Худойбердиев Фаррух, Дин ишлари бўйича қўмита Таълим бўлими ходими Хайдаров Миродил, Шайхонтоҳур тумани “Дорус-Салом” масжид ноиб-имоми Убайдуллаев Ислом, Чилонзор тумани “Қатортол” масжиди имом-хатиби Алимов Аброр ва Яшнобод тумани “Али ибн Абу Толиб” масжиди ноиб-имоми Мирсодиқов Нурилла каби қориларимиз Москва шаҳрига сафарбар этилди.

Қориларимиз муборак ой давомида Россия Федерацияси шаҳарларида мусулмонларга таровиҳ  намозларида хатми Қуръон ўқиб берадилар.

Шунингдек, сафар давомида қориларимиз Россия Федерацияси шаҳарларида ташкил этиладиган диний маросимларда иштирок этишлари кутиляпти. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими     

6523 марта ўқилди

Янгиликлар

Top