Ўзбекистон янгиликлари

Янги босқич ўқувлари бошланди

2017 йилнинг 28 май куни Имом Бухорий халқаро марказида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри имом-хатиблари иштирокида янги босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Марказ директори Ш.Зиёдов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов қатнашиб, навбатдаги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан суҳбат ўтказишди. Дастлаб, барча тингловчилар Муборак Рамазон ойи билан қутланиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар берилди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Шунингдек, Юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йил доирасида ишлаб чиқилган дастурга асосан диёримизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ва тараққиёт ишларида имом-хатиблар ҳам фаол қатнашиб, динимиз ва давлатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишлари таъкидлаб ўтилди.

Яқинда Муҳтарам Президентимизнинг Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” масжиди ва зиёратгоҳида уламолар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик билан бўлиб ўтган суҳбатда, бугунги кунда имом-хатиблар ҳар томонлама халқимизга намуна бўлиши, жамиятда тинчлик, диний бағрикенглик ва ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим ўрин тутиши ҳақида тўхталгани фахр билан тилга олинди.

Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан Республикамизнинг 1000 га яқин масжидларида Муборак Рамазон ойи муносабати билан хатми Қуръонлар ўтказилаётгани, маҳаллий қориларимизнинг хорижий давлатларга Рамазон ойи тадбирларига жалб этилгани ҳам қувонарли ҳол экани алоҳида зикр этилди.

29 май куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим домла Иномов “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуида маъруза қилди.

Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар мавжуд. Марказ ошхонасида тингловчилар учун ифторлик ва саҳарлик дастурхонлари ташкил этилмоқда.

Тингловчилар дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлаб юборишди. 

ЎМИ Масжидлар бўлими

5270 марта ўқилди

Янгиликлар

Top