Ўзбекистон янгиликлари

Диний бағрикенглик – халқимиз фазилати

Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

2017 йил 30 май куни ушбу долзарб масалага бағишлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Миллий ва диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гарови” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг шарқшунос ва  диншунос олимлари, таниқли уламолар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ва турли конфессиялар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутассаддилари иштирок этдилар.

Матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов “Диний бағрикенглик – миллий хослигимиздир”; Тошкент ислом университети ректори, профессор Равшан Абдуллаев “Етук кадрларни етиштиришда Тошкент ислом университети олдида турган масалалар”; Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Шайх Абдулазиз Мансур “Диний ходимларнинг тинчлик ва осойишталикни барқарорлаштириш йўлидаги вазифалари” мавзуида нутқ сўзладилар.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари ўз нутқида Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деб марҳамат қилганини айтиб, машҳур муфассир олимларимиз  Абуллайс Самарқандий ва Абу Муин Насафийлар ўз тафсирларида ушбу оятни бошқа динга эътиқод қилувчилар билан яхши муносабатда бўлиш кераклигига далил қилган, дедилар.

Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси маърифий ишлар бўлими раҳбари С.Стаценко, Имом Бухорий халқаро маркази директори Ш.Зиёдов, Рим-католик черкови епископи Е.Мацулевич сўзга чиқдилар.

Шундан сўнг савол-жавоблар бошланди.

Анжуманда мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро муносабатларда юритилаётган оқилона сиёсат асосида ҳар бир шахснинг  виждон ва эътиқод эркинлиги, диний қарашларидан қатъи назар тенг ҳуқуқлилиги таъминланаётгани айтиб ўтилди. Ана шунинг маҳсули ўлароқ республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2239 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда.

 

Тадбирда диний экстремизм ва муросасизликка қарши мафкуравий курашнинг муҳим омили сифатида ёшларда бағрикенглик маданиятини шакллантириш экани қайд этилди ҳамда бағрикенглик маданиятини камол топтириш йўллари, имкониятлари ва бу борадаги устивор вазифалар ёритиб берилди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди, деб таъкидланди.

Сўзга чиққанлар бугунги кунда Ўзбекистонда барқарор тараққиётни таъминлаш, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, бағрикенглик қадриятлари устуворлигига асосланган демократик жамият қуриш борасида олиб борилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятига намуна экани ҳақида якдил фикр билдирдилар. 

Анжуман доирасида диний нашрлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди. 

Дамин ЖУМАҚУЛ

7388 марта ўқилди

Янгиликлар

Top