Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратнинг Андижон вилояти бўйлаб сафарлари

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари хизмат сафари билан Андижон вилоятида бўлиб турибдилар. Бугун Муфтий ҳазратлари Асака туманидаги "Холид ибн Валид" жоме масжидига ташриф буюриб, намозхонларни муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этиб, улар ҳақига эзгу дуолар қилдилар. Сўнгра, жамоат билан бирга таровиҳ намозини адо этдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бир қатор уламолари ҳам Андижон вилоятининг турли ҳудудларида таровиҳ намозларини ўқиб беришди. Жумладан, Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари Андижон шаҳар “Девонабой” жоме масжидида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов Андижон шаҳар “Имом Аъзам” жоме масжидида, Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов Андижон шаҳар “Эски Гумбаз” жоме масжидида таровиҳ намозларини адо этиб, намозхонларни Рамазони шариф билан қутлашди.

Ўз навбатида андижонлик мўмин-мусулмонлар муфтий ҳазрат ва уламоларимизнинг ташрифларидан бағоятда мамнун бўлишди. Уларнинг таъсирчан ва ибратли маърузари намозхонлар кўнглидан чуқур жой олди.

Бир сўз билан айтганда, бу йилги Рамазон ойи юртимизнинг барча вилоятларидаги жомелар сингари, Андижон вилоятидаги масжидларда ҳам ўзгача шукуҳ билан ўтмоқда. Буни намозхонларнинг юз кўзида балқиб турган миннатдорчилик ифодасидан ҳам билиш мумкин. Қуйида уламоларимизнинг сафарларига оид фотолавҳаларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

7013 марта ўқилди

Янгиликлар

Top