Ўзбекистон янгиликлари

“Мир Араб” олий мадрасаси рўйхатдан ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташриф буюрганида вилоятда “Мир Араб” олий мадрасасини ташкил қилиш бўйича кўрсатма берган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Мир Араб” олий мадрасаси ташкил қилиниб, кеча Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги давлат рўйхатидан ўтказди.

Ушбу диний таълим муассасасининг ташкил қилиниши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳамда диний таълим олишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишлари учун яна бир имконият бўлди.

Шунингдек, мазкур воқеа 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган диний бағрикенгликни таъминлаш борасидаги амалий ҳаракатларнинг ёрқин ифодасидир.

Кеча Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Адлия вазирлигининг Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси вакили Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва “Мир Араб” олий мадрасаси ректори вазифасини бажарувчи Элов Жобир Рустамовичга олий мадрасанинг давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги гувоҳномани топширди ва янги ўқув юртининг келгусидаги фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу диний таълим муассасаси олий Ислом билим юрти ҳисобланишини таъкидлаган ҳолда мадрасанинг Ўзбекистон халқига соф Ислом дини асосларини пухта ўрганиш ва мамлакатда диний бағрикенгликнинг таъминланишида муҳим аҳамият касб этишини билдирди. Мазкур таълим муассасасидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишини тилаб дуо қилди. Шу билан бирга, ҳозирги вақтда Бухоро вилоятида янги ташкил қилинган “Мир Араб” олий мадрасасидан ташқари “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти ҳам ўз фаолиятини давом эттириб боришини таъкидлади.

 

8131 марта ўқилди

Янгиликлар

Top