Ўзбекистон янгиликлари

Умра-2017 Рамазон мавсуми бошланди

Бугун, 13 июнь куни Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти зиёратчиларидан иборат гуруҳлар жорий йил Рамазон ойида умра ибодатини адо этиш учун махсус ташкил этилган чартер рейсларда Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар.

Муборак сафар олдидан зиёратчиларимиз учун Тошкент шаҳридаги “Новза” масжидида ифторлик ва саҳарлик дастурхони ёзилди. Нуроний отахон ва онахонларимиз дастурхон атрофида дуога қўл очиб, аввало юрт тинчлиги, халқ фаровонлигини сўраб, қолаверса, бу каби шароитларни ташкил этилишига сабабчи бўлган Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда шу каби эзгу ишларни давом эттираётган юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳақларига дуолар қилинди.

Зиёратчиларимизни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилот ходимлари кузатиб қўйдилар.

Юртдошларимиз “Умра-2017” Рамазон мавсумида Мадина шаҳридаги “Мавадда Нур” меҳмонхонасида 3 кун бўлиб, бу муддатларда Пайғамбаримизнинг муборак масжидларида зиёрату ибодатларда бўладилар.

Сўнгра, умра амалини адо этиш учун Макка шаҳрига бориб, у ерда беш юлдузли, барча қулай шароитларга эга бўлган “Аброж ал-Меридиан” меҳмонхонасида 7 кун давомида истиқомат қилишлари белгиланган.

Мазкур сафар давомида зиёратчиларимизга ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, қўли ширин ошпазлар ва малакали шифокорлар ҳамроҳлик қилади. 

“Умра-2017” Рамазон мавсумида жами 650 нафар фуқароларимиз умра ибодатини адо этишлари режалаштирилган.  

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Халқаро алоқалар бўлими

 

6182 марта ўқилди

Янгиликлар

Top