Ўзбекистон янгиликлари

Байрам байрамга улашмоқда

Юртимизда аллақачон бошланиб кетган байрам шодиёналари росмана тантанага айланди. Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Тошкент ислом институти, “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти, “Кўкалдош” мадрасаси ходимларини табрикладилар.

Тантанада  сўзлаган муфтий ҳазратлари муҳтарам президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган савоби юксак ишлар ҳақида сўз юритаркан, жумладан, бундай дедилар: “Ислом институтида ўқиган кезларимизда бу ерлар ниҳоятда кўримсиз жойлар эди. Устозларнинг хизматини қилиб юрарканмиз, устодимиз Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг ёнидагиларга: “Бухорои шарифдаги  “Мир Араб” мадрасаси олий мадрасага айланса эди...” деб гапираётганлари қулоғимга чалиниб қолган эди.

Азизлар, Аллоҳ таоло ўша устозларимизнинг, улуғларимизнинг дуоларини бугун ошиғи билан мустажоб қилди. Бухорода “Мир Араб” олий мадрасаси очилиб, у, “Мир Араб” ўрта махсус ислом билим юрти,  “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти – учала диний таълим даргоҳи бир мажмуага жойлашадиган бўлди. Бундай катта эътибор учун муҳтарам юртбошимиздан бениҳоя миннатдормиз...”

Муфтий  ҳазратларининг табригидан сўнг юқорида номлари тилга олинган идораларнинг жонкуяр ходимларига “Фахрий ёрлиқлар” топширилди.

Қўшалоқ байрам қўшалоқ омадлар келтирсин, азиз юртдошлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ

4364 марта ўқилди

Янгиликлар

Top