Ўзбекистон янгиликлари

Ўқув йили "Мустақиллик" ва "Хотира" дарсларидан бошланди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларида янги 2017-18 ўқув йили “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида кўтаринки руҳ, ўзгача завқу шавқ-ла бошланди.

4 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида Мустақилликнинг 26 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тадбирлар ташкил қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Бухорода ташкил этилган Мир Араб олий мадрасасида ҳам ўқув дарслари шу куни бошланди. Ушбу таълим муассасасига 2017-18 ўқув йиллари учун жами 50 та талаба қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Янги ўқув йили бошлангани муносабати билан ташкил қилинган тадбирларда таълим муассасаси педагог-ўқитувчилари, ходимлар, талабалар ҳамда фахрий меҳмонлар иштирок этдилар. Жумладан, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти девони масъул ходими К.Комилов, Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг илмий-тадқиқот масалалари бўйича маслаҳатчиси, академик Н.Иброҳимов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Таълим бўлими мутахассиси М.Ҳайдаров, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири вазифасини бажарувчи А.Дўсматов қатнашди.

Ўрта махсус ислом таълим муассасаларида ўтказилган тадбирларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги бош имом-хатиблари иштирок этдилар.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳияси билан очилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимовнинг мустақиллигимизнинг 26 йиллик тантанаси, муборак Қурбон ҳайити ҳамда янги ўқув йили бошланиши муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттириш билан бошланди. Тадбир якунида одатга мувофиқ Қуръон тиловати қилиниб, динимиз, эл-юртимиз равнақи йўлида хизмат қилганлар, давлатимиз раҳбарлари ҳамда диний соҳа мутасаддилари, устозлар ва талабалар ҳақига дуо хайр этилди.

Тадбирдан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг 2017 йилнинг 27 январидаги “Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан янги ўқув йили Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасига бағишланиб “Хотира” ва “Мустақиллик” дарслари билан бошланди

Мазкур дарсларнинг юқори савияда ўтиши учун таълим муассасаларнинг энг тажрибали ва малакали устозлари жалб қилинди. Машғулотлар “Мустақиллик” ва “Хотира” дарси услубий қўлланма ва тарқатма материаллар асосида ҳаётий мисоллар, фактлар ва аниқ рақамларга таяниб, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда ўтказилди.

“Хотира” дарсида Биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёти, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги йўлида амалга оширган буюк ишлари, у кишининг порлоқ сиймоси доимо халқимиз хотирасида муҳрланиб қолиши тўғрисида маълумот берилди.

“Мустақиллик” дарсида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, истиқлол йилларида олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар, диний қадриятлар ва диний таълимга эътибор ҳамда тинчлик – энг олий неъмат каби мавзулар талабаларга тушунтириб берилди. Хусусан, ўтган 26 йил давомида юртимиздаги барқарорлик, тинч ва осуда ҳаёт, жамиятимизда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларнинг теран илдиз отганига  урғу берилди.

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими                                                                     

 

6125 марта ўқилди

Янгиликлар

Top