Ўзбекистон янгиликлари

"Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида" мавзуидаги халқаро конференция иштирокчиларига

Муҳтарам халқаро конференция қатнашчилари

Ҳурматли меҳмонлар! 

Сизларни табаррук Ўзбекистон заминида қутлаш ва ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни изҳор этишдан ғоят хурсандман. 

Бугунги анжуман Озарбайжон Республикаси Президенти, муҳтарам Илҳом Гейдарович Алиевнинг 2017 йилни Озарбайжонда Ислом бирдамлиги йили, деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббусига ҳамоҳанг экани билан эътиборга сазовордир.

Шу муносабат билан биз Ўзбекистонда дўст Озарбайжон Президентининг ташаббусини юксак баҳолашимизни таъкидлашни истардим. 

Маълумки, бизнинг Ватанимиз минг йиллар давомида турли цивилизациялар мулоқотга киришган ва бир-бирини тўлдирган Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳасида жойлашган. Бу заминда турли маданият ва дин вакиллари тинч-тотув ва ҳамжиҳатликда яшаган. Мусулмон дунёси тараққиётида улкан роль ўйнаган халқимиз менталитетининг асосини том маънодаги бағрикенглик, олижаноблик ва эзгулик каби фазилатлар ташкил этади. 

Мовароуннаҳрнинг гўзал ва бетакрор шаҳарлари, аввало, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива кўп асрлар давомида ислом илм-фани, маданияти ва бутун мусулмон цивилизациясининг марказлари сифатида шуҳрат қозонган. Бу саховатли заминдан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Мўъин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд каби кўплаб буюк аллома ва азиз-авлиёлар етишиб чиқди. 

Инсоният тарихидаги ноёб ҳодиса бўлган мусулмон Ренессанси ана шу буюк аждодларимизнинг диний бағрикенглик ва инсонпарварлик борасидаги эзгу ғоялари билан йўғрилган эди. Бу ғоялар бизнинг давримизда, Ўзбекистон мустақиллиги йилларида алоҳида, янада теран маъно-мазмун касб этиб бормоқда. 

Мамлакатимизда бағрикенглик маданиятини юксалтириш, миллатлар ва конфессиялараро ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди ва бундай ёндашув ижобий натижа бермоқда. 

Бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб яшамоқда. Уларнинг тўлақонли маънавий ҳаёт кечириши, ўз анъана ва урф-одатларини ривожлантириши, миллий ва диний байрамларини нишонлаши учун барча шароитлар яратилган. 

Маълумки, Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоизи асосан сунний мазҳабга мансуб мусулмонлардир. Уларнинг орасида шиа мазҳабига мансуб юртдошларимиз ҳам бор, лекин бу икки мазҳаб вакиллари ўртасида ҳеч қачон низо ва зиддиятлар юзага келмагани эътиборга моликдир. Бизнинг кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимизда ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш бугунги кунда Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. 

Ўйлайманки, бу масала айнан бугунги кунда, дунёнинг турли минтақаларида кескинлик ва радикализм кучайиб, диний экстремизм ва терроризм тобора авж олиб бораётган ҳозирги вақтда айниқса муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. 

Шу маънода, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш ташаббуси билан чиққани чуқур мантиқий асосга эгадир. Зеро, муқаддас динимиз бағрикенгликка, эзгу амаллар ва бахту саодатга олиб борадиган йўл айнан маърифат эканини алоҳида уқтиради. 

Ислом динининг тинч-осойишта ҳаётга, бошқа халқларга ҳурмат, меҳр-оқибат кўрсатиб яшашга даъват этадиган асл инсонпарварлик моҳиятини ҳар томонлама ўрганиш ва тарғиб этишга Ўзбекистонда катта аҳамият берилмоқда. Мамлакатимизда Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти, Бухоро шаҳрида Мир Араб ислом институти, 9 та мадраса фаолият кўрсатмоқда, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилмоқда. 

Ҳурматли анжуман иштирокчилари! 

Бугунги кунда бутун дунё, айниқса, ислом ҳамжамияти даврнинг таҳликали таҳдидлари билан юзма-юз турибди. Ислом динини сиёсийлаштириш ва мусулмон ёшларни радикаллаштириш борасидаги уринишлар бундай хатарларни ўта жиддий таҳлил қилиш, баҳолаш ва уларга муносиб жавоб беришни тақозо этмоқда. 

Дунёдаги айрим доиралар исломга қарши кайфиятни кучайтирган ҳолда, ислом динини терроризм мафкураси билан боғлашга уринаётганини минг афсус билан қайд этишга тўғри келади. Бу омил ислом оламини янада жипслашишга чорламоқда. Ислом ҳамжиҳатлиги жаҳондаги кескинликни юмшатишда муҳим роль ўйнаши мумкин. 

Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимизнинг мужассам манбаи сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз буюк динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, ҳаётда асл инсоний фазилатларни қарор топтиришга даъват этади. 

Шу муносабат билан, фақат барча мусулмон мамлакатлари билан биргаликда энг муҳим вазифани, яъни, улуғ аждодларимиз диний-маънавий меросининг ажралмас қисми бўлган мусулмон ахлоқ-одоб қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, муроса қилиш, тинчлик-хотиржамлик ва бир-бирини ўзаро тушуниб яшашга интилиш каби олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш ва бугунги реал вазиятни ҳисобга олган ҳолда бутун жаҳон ҳамжамиятига етказишдек ғоят муҳим вазифани ҳал қилишимиз мумкин, деб таъкидлаш ўринлидир. 

Қадрли дўстлар! 

"Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида" халқаро конференцияси ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, уларнинг равнақ топиши ва фаровонликка эришишдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилишига ишонаман. 

Анжуман иштирокчиларига мустаҳкам соғлик, тинчлик ва омонлик ҳамда конференция ишининг самарали бўлишини тилайман. 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

623 марта ўқилди
Мавзулар
Top