Ўзбекистон янгиликлари

Халқаро анжуман интернет саҳифаларида

18 октябрь

Пойтахтдаги Симпозиумлар саройида иш бошлаган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон, Озарбайжон, Россия, Украина, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ирландия, Германия ва бошқа давлатлар ҳамда диний конфессияларнинг раҳбарлари, олиму уламолари иштирок этди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон Республикалари раҳбарлари анжуман иштирокчиларига табрик йўллашди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригида, жумладан, бундай дейилади:

“Қадрли дўстлар!  "Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида" халқаро конференцияси ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, уларнинг равнақ топиши ва фаровонликка эришишдек эзгу мақсад йўлида хизмат қилишига ишонаман”.

19 октябрь

Меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуасига зиёратга келиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ҳазрати Имом жоме масжиди билан танишдилар. сўнгра Ҳазрати Усмон Мусҳафини, Бароқхон мадрасасини, Қаффол Шоший ва Зиёвуддин Эшон Бобохон мангу қўним топган масканларни зиёрат қилдилар. Тошкент Ислом институтига, “Минор” жоме масжидига бордилар. Куннинг энг муҳим воқеаси хорижлик меҳмонларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашуви бўлди.

20 октябрь

Меҳмонлар муфтий ҳазрат бошчилигида Самарқандга бориб Имом Бухорий ҳазратларини, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини, Ҳазрат Дониёр мақбарасини зиёрат қилишди. Мирзо Улуғбек расадхонаси билан танишди. Сиёб бозорига, Гўри Мир мақбарасига, Регистон майдонига йўл олдилар бу табаррук маконда ётган улуғларнинг руҳларига бағишлаб тиловатлар қилдилар.  

21 октябрь

Меҳмонлар Бухорои шарифдаги Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ва олий мадрасага, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига бордилар. Сўнгра Бухорои шарифнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиб, шаҳар аҳолиси билан суҳбатлар қурдилар.

22 октябрь

"Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” халқаро анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистонга қилган ташрифи якунига етди. Улар азим Бухородан Баку шаҳрига олам-олам таассуротлар билан жўнаб кетишди. Меҳмонларни  Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кузатиб қолишди.

Анжуман ҳақида хорижий интернет сайтлари нималарни ёзмоқда?

islam.ru

 “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманга Ўзбекистон Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Озарбайжон диний ташкилотлар билан ишлаш бошқармаси ва Кавказ мусулмонлари идораси ташкилотчилик қилди. 

Анжуман ишида ташкилотчи давлатлар – Ўзбекистон ва Озарбайжон, Россия Федерацияси ва бошқа хорижий давлатларнинг диний арбоблари, илмий соҳа вакиллари, Фанлар академияси олимлари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Анжуманга фахрий меҳмон сифатида Доғистон Республикаси муфтийси ўринбосари Аҳмад Кахаев, Россия мусулмонлари жамияти раиси Альбир Крганов, Ставрополь ўлкаси муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов ва бошқалар қатнашди. 

Анжумандан кўзда тутилган асосий мақсад – исломий қадриятларни эъзозлаш,  диний мулоқотлар ва исломий ҳамжиҳатликни янги босқичга олиб чиқиш, ҳозирги даврдаги хатарларга ўз муносабатларини маълум қилишдан иборат эди. 

Анжуман ўз ишини ялпи мажлис ва гуруҳларга бўлинган ҳолда давом эттирди. Унда Ўзбекистон асрлар давомида диний маърифатни шакллантириш, исломий қадриятларни тарғиб этиш, динлар ва маданиятлараро алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди. 

 T.C. Başbakanlık
Diyanet İşleri Başkanlığı

Туркия Республикаси Диний бошқармаси раиси профессор, доктор Али Эрбаш “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуманда қатнашиш учун Ўзбекистон пойтахти Тошкентга борди. Доктор Али Эрбаш сафарнинг иккинчи кунидан мўътабар жойларни зиёрат этишни бошлади.

У Кавказ мусулмонлари идораси раиси Оллоҳшукур Пошшозода ва бошқа меҳмонлар билан биргаликда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовнинг зиёрати учун унинг қароргоҳига борди.

Бир оздан сўнг ҳаммаси биргаликда Ўзбекистоннинг бош масжиди – Ҳазрати Имом масжидини ва Ҳазрати Усмон Мусҳафини зиёрат этишди.

Доктор Али Эрбаш Тошкент ислом институтига ҳам ташриф буюриб талабалар билан суҳбатлашди.

 Ўзбекистон пойтахти Тошкентда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди...  

Анжуманда Осетия муфтийси Ҳожимурод Гацалов иштирок этди.

Анжуманнинг асосий мақсади – исломий қадриятлар, динлараро мулоқот ва исломий бирдамлик анъаналари, шунингдек, ҳозирги вақтдаги таҳдидларга қарши биргаликда курашиш масалаларидир.

Анжуман доирасида ялпи мажлис ва гуруҳларга бўлинган йиғилишлар ўтказилди. Ушбу тадбирларда Ўзбекистон асрлар мобайнида маънавиятни юксалтириш, диний маданиятни шакллантириш, кўп маданиятли муҳитни барқарорлаштириш, динлар ва маданиятлараро мулоқотни ўрнатиш, исломий қадриятларни тарғиб этишга катта ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.

Бугунги кунда ушбу масалалар ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани боис мазкур анжуманнинг ўтказилиши долзарб экани қайд этилди.

Қирғизистон мусулмонлари идорасининг расмий сайти MUFTIYAT.KG.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуманга Қирғизистон Республикаси муфтийси Максатбек Токтомешов таклиф этилди.

Анжуман Марказий Осиё мамлакатлари  диний идораларининг замонавий муаммолар бўйича ягона позициясини шакллантириш, террорчилик ва экстремизмга қарши курашиш юзасидан тажриба алмашиш, мусулмонлик муҳитида ушбу ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича амалий услубларни муҳокама қилиш ва такомиллаштириш, ёшлар тарбияси бўйича олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштириш, бунинг учун алоқаларни янада кенгайтириш, диний бағрикенглик, яхши қўшничилик, мўътадил исломни шакллантиришнинг анъанавий қадриятларини илгари суриш масалаларидир.

Қозоғистон мусулмонлари идорасининг расмий сайти muftyat.kz

 

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуидаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман доирасида Қозоғистон Республикаси мусулмонлари идораси раиси, олий муфтий Эржан Малгажўғли Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимов билан учрашди.

Учрашув чоғида тарафлар икки давлат ўртасидаги диний ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар. Олий Муфтий Эржан ҳожи Малгажўғли Ўзбекистон ва Қозоғистон диний арбоблари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш Марказий Осиё дини мактабининг янгиланиши бўлишини айтди. Ушбу мактаб ҳанафий мазҳабидаги мусулмон қардошларнинг тажриба алмашиши, устоз-шогирдлик муносабатларини янги босқичга кўтариши, шу аснода турли диний оқимларнинг асоссиз даъволарига асосли жавоблар берадиган мактаб бўлишига ишонишини маълум қилди. Икки қўшни мамлакат талабаларини ҳамкорликда ўқитиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида илмий ва амалий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди у.

Шунингдек, Эржан ҳожи Малгажўғли ақидавий ва фиқҳий масалалар юзасидан фатво беришнинг умумий базасини яратишни таклиф қилди. Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу фикрни қўллаб-қувватладилар.

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

816 марта ўқилди
Top