Ўзбекистон янгиликлари

Зиёрат туризми Ўзбекистон учун даромадлими?

Бугунги кунда туризмни ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Мамлакат ўзининг салоҳияти, географияси, тарихи ва бугунги кунидан келиб чиқиб туризмнинг турли йўналишларини ривожлантиришга уринади. Саломатлик туризми, тиббиёт туризми, экотуризм, экскурсия туризми, спорт туризми, экстримал туризм, зиёрат туризми сингари йўналишларни ривожлантириш имконияти юзага келади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар 30 нафар сайёҳ мамлакат туризм соҳасида бир, унга турдош бўлган тизимда эса икки янги иш ўрнини яратилишига сабаб бўлади.

Ҳар йил Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллионга яқин сайёҳлар ташриф буюради. Ушбу миқдорни 5 миллионга етказиш салоҳиятимизни қанчалик тарғиб қилишимизга боғлиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳанинг асосий вазифасига айланди.

Туризмга эътибор қаратилгани бекорга эмас, туризмнинг жаҳон иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси 2016 йилда 7,6 триллион АҚШ долларини ташкил этган. Шундан кўриниб турибдики туризм мамлакат иқтисодиёти учун фойдали.

Ўзбекистон туризм индустрияси жадал ривожланиши учун қисқа муддатда энг қулай шарт-шароит, иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳит яратиш, жумладан, соҳада хусусий секторнинг устувор иштирокини таъминлаш асосий вазифа ҳисобланади.

Тематик кўнгилочар боғлар, маданият объектлари (миллий музейлар, галереялар), туристик-рекреацион ҳудудлар ва кластерлар ташкил этиш, сайёҳлик намойишининг алоҳида объектларини қуриш ва имижга доир бошқа лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чет эл ва Ўзбекистон сармоядорларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг бюджетдан ташқари маблағларини жалб қилиш ҳисобига туризм соҳасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш талаб этилади.

Қарорда айрим мамлакатларга 2018 йилнинг 1 январидан виза тартибини соддалаштириш, ушбу давлатларнинг фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурларини таклиф этиш ҳамда имтиёзга эга давлатлар рўйхати ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК билан ҳамкорликда Малайзия, Индонезия ва бошқа мамлакатлардан Ўзбекистон Республикасидаги муқаддас қадамжоларга зиёрат туризми йўналишидаги сайёҳларни жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш, бу борада керакли реклама тадбирларини ўтказиш, логистика, чартер рейсларни ташкил этиш вазифалари юклатилган.

Бухоро ва Самарқанд шаҳарларидаги туризм ҳудудлари тажрибаси асосида Урганч, Тошкент шаҳарлари ва Фарғона вилоятида туризм ҳудудлари, Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида тоғ кластерларини босқичма-босқич ташкил этиш режалаштирилган.

Туризм ҳудудлари ва тоғ туризми кластерларига чет эл инвестицияларини жалб қилиш, янги меҳмонхоналар қуриш учун республикага етакчи меҳмонхона брендларини таклиф қилиш ёки мамлакатдаги меҳмонхона хўжаликларини улар бошқарувига бериш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Жорий йилда Малайзия сайёҳларини Ўзбекистонга жалб қилиш мақсадида Малайзия ҳукумати вакиллари билан келишув имзоланган эди.

Малайзиялик мусулмон сайёҳлар талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги зиёратгоҳларга саёҳатлар уюштириш масаласи кўтарилган. Малайзиядан Ўзбекистонга юз минглаб зиёратчиларни жалб қилиш масаласи алоҳида таъкидланган.

Малайзия мусулмонларини Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Термиз шаҳарларига саёҳатларини ташкил этиш Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим омил ҳисобланади.

Ушбу шаҳарларда жойлашган муқаддас қадамжолар, авлиёлар ва уламоларнинг мақбаралари, қадимий масжид ва мадрасалар, муқаддас қўлёзмаларни кўрсатиш туризм салоҳиятини яхшилашга туртки бўлиши турган гап.

Туризм нафақат иқтисодий ривожланишга, балки аҳоли бандлигини таъминлашга, турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

Жаҳонда 1,6 миллиарддан ортиқ мусулмонлар бўлиб, дунёнинг деярли барча минтақасида мусулмонлар яшайди.

Индонезия (260 млн), Малайзия (32 млн), Покистон (150 млн) сингари мамлакатларнинг фуқароларини зиёрат туризмига жалб этиш Ўзбекистон учун улкан имконият бўлиши турган гап.

Жаҳон мусулмонларини Ўзбекистонга жалб этишда қуйидагиларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир:

- мусулмон мамлакатларда Ўзбекистон салоҳиятини кўрсатувчи тақдимотлар намойиш этиш;

- мусулмон мамлакатларнинг кўзга кўринган диний уламоларини Ўзбекистонга таклиф этган ҳолда бепул саёҳатлар уюштириш, уларга Ўзбекистонни танитиш;

- мусулмон мамлакатларга имтиёзли чартер рейсларни амалга ошириш;

- ҳаж ва умра сафарларига боришдан олдин Ўзбекистоннинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилишни ташкил этиш;

- ислом оламининг етакчи ўқув даргоҳлари ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш.

596 марта ўқилди
Top