Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Илан Берман: “Ёшларни радикал ғоялардан ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистонда жуда катта ишлар қилинган”


Бугун, 12 ноябрь куни БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бағишланган халқаро анжуманда иштирок этган АҚШнинг Ташқи сиёсат кенгаши вице-президенти И.Берман ва Икки партиявийлик сиёсат марказининг миллий хавфсизлик дастури директори Б.Мистал Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келди.


Меҳмонлар шу йил 10–11 ноябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” номли халқаро Форум муҳим ва долзарб аҳамият касб этганини алоҳида таъкидладилар ва ўз таассуротларини билдирдилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган ишлар, турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик тўғрисида гапирди. О.Юсупов ўз сўзида давом этиб, бугунги кунда юртимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари тинч-тотув, дўст-иноқ бўлиб, иттифоқчиликда яшаб келаётгани, уларнинг ўз анъана ва урф-одатларини адо этиш учун барча шароитлар муҳайё қилингани алоҳида қайд этди.


Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида муҳтарам Президентимиз томонларидан дин соҳасида улкан ишлар амалга оширилаётгани, янги масжид-мадрасалар барпо этилаётгани, ихтисослашган илм мактаблари ташкил этилаётганини сўзлаб бердилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида ушбу жараёнларда уламолар, имом-домлалар фаол иштирок этаётганлари ва диний идора томонидан бир қатор хайрли ишлар амалга оширилаётганини қайд қилдилар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров сўз олиб, ўлкамизга Ислом дини кириб келиши тарихи, ривожланиш босқичлари, олим-уламоларимизнинг ислом тамаддунида тутган ўрни ва бой илмий мерослари тўғрисида сўзлаб берди. Мана шундай серқирра маънавий мерос, илм-фан ва маданият соҳасидаги ютуқларимизни асраб-авайлаш ва келажак авлодга тўлалигича етказиш ҳамда буларни бутун жаҳон жамоатчилигига намойиш этиш мақсадида, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини билдирди.


Меҳмонлар тақдим этилган маълумотлар учун миннатдорлик билдириб, истиқлолнинг дастлабки йилларидаги юртимиздаги диний муҳит, айни пайтда мамлакатимизда олиб борилаётган дин соҳасидаги ўзгаришлар, диний таълим тизимидаги ислоҳотлар, чет-элда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик мигрантлар билан ишлаш тизими бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига мукаммал жавоб олдилар.


Шунингдек, меҳмонларга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва истиқболдаги режалари ҳақида атрофлича гапириб берилди.


Учрашув якунида АҚШнинг Ташқи сиёсат кенгаши вице-президенти И.Берман юртимизда амалга оширилаётган ишлар, ўзгаришлар ва янгиланишларни эътироф этиб, Ўзбекистонда ёшларни радикал ғоялардан ҳимоя қилиш борасида жуда катта ишлар қилинганини юксак баҳолади. Жаноб И.Берман Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимида иштирок этиш ниятида эканини изҳор қилдилар.
Меҳмонлар самимий суҳбат учун миннатдорлик билдирдилар.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

5613 марта ўқилди