Ўзбекистон янгиликлари

Тошкентдаги аэропортда намозхона очилди

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилди. “Muslim.uz” жамоаси вакили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авикомпанияси вакили билан боғланиб ушбу хабарга аниқлик киритди.

Намозхона аэропортнинг халқаро йўналишларни кутиш залидаги “B8” йўлаги олдида жойлашган бўлиб, ундан барча йўловчилар фойдаланиши мумкин. Ушбу хона ўзбекистонликлар ва Ўзбекистонга ташриф буюрувчи мусулмон сайёҳлар учун қулайлик яратиш мақсадида ташкил этилди.

Айтилишича, ушбу намозхонада бир вақтнинг ўзида 30 га яқин инсон ибодат қилиши мумкин. Намозхона учун алоҳида таҳоратхона мавжуд эмаслиги таъкидланган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда зиёрат туризми ассоциациясини ташкил этиш режалаштирилган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, “Ўзбектуризм” давлат қўмитаси билан ҳамкорликда амалий ишлар олиб борилаётгани айтиб ўтилган эди.

4856 марта ўқилди

Янгиликлар

Top