Ўзбекистон янгиликлари

Дока рўмол қуриди

Халқимизнинг ажойиб мақоллари бор. Ана ўшалардан бирида “Эру хотин уруши – дока рўмол” қуриши дейилади. Тасаввур қилинг, ёзнинг жазирамасида дока рўмолнинг қуришига қанча вақт кетади!.. Эр-хотин бир-бирига ана шундай муҳаббатли бўлади, дегани – бу.

Аммо эру хотиннинг ўртасига бирор сабаб билан низо тушиб у узоқ вақтлар давом этиб кетиши ҳам мумкин экан. Бунинг сабаби ҳам шариатимизни яхши билмаслик ёки унинг аҳкомларига амал қилмасликдандир. Шариатимизда мусулмонлар бир-биридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромлиги айтилган. Шундай экан, мусулмон ва муслима эр-хотин бир уйда яшаб, қандай қилиб узоқ вақт жанжаллашиб юриши мумкин!  

Ана шундай бир жуфтликнинг жанжали яхшилик билан ниҳоясига етиб эр-хотин ярашиб олди. Тошкент вилояти, Бўка тумани бош отин ойиси маҳалла маслаҳатчиси ҳамкорлигида бориб Даштобод МФЙда истиқомат қилувчи 60 ёшли Р.А. ва унинг жуфти Р.О. билан суҳбатлашди, уларга бундай юришлари уят экани, шундай улуғ ёшдаги эр-хотиннинг тумшайишиб юриши бошқаларга ҳам ёмон таъсири қилаётгани оят-ҳадислар, ҳаётий ҳикояту ривоятлар ёрдамида тушунтирилди. Натижасида 30 йилдан ошиқроқ бир ёстиққа бош қўйган эру хотин ўртасидаги гина-кудурат кўтарилди ва улар меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими

4814 марта ўқилди

Янгиликлар

Top