Ўзбекистон янгиликлари

Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга қайтарилди

Кеча, 28 ноябрь куни Тошкент шаҳрида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзуида халқаро медиа-форум бошлангани ҳақида хабар берилди. 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси, ЮНЕСКО ҳамда Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг (Германия) мамлакатимиздаги ваколатхоналари ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро анжуманда сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дунёдаги етакчи музей, кутубхона, илмий институтлар, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этган. 

Медиа-форумнинг очилишида Ўзбекстон ва хориждан ташриф буюрган меҳмонлар сўзга чиқдилар. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 24 майда “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди ҳамда ушбу қарор ижросиюзасидан кўплаб ишлар амалга оширилаётгани маълум қилинди. 

Халқаро форум доирасида лойиҳанинг “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” номли янги туркуми тақдимоти ўтказилди. 

Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти ва Франция миллий кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони”, “Меърожнома”, “Темур тузуклари”, “Девони Ҳусайн Бойқаро”, “Равзатус-Сафо” (Поклик боғи) қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга топширилиши тадбирнинг муҳим воқеаси бўлди. Ушбу нусхалар қўлёзмаларнинг аслига жуда яқин, олтин қопламали қоғозда битилган. 

– Ушбу асарлар Шарқ уйғониш даврининг бебаҳо намуналаридир, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Комилжон Раҳимов. – “Катта Лангар Қуръони” VIII аср охирларида куфий-ҳижозий хатида битилган, дунёга машҳур “Усмон Мусҳафи”нинг нодир нусхаларидан. Темурийлар сулоласи вакили Ҳусайн Бойқаро қаламига мансуб “Девони Ҳусайн Бойқаро” нафис миниатюралар билан безатилган. Тарихчи Мирхонднинг “Равзатус-Сафо” асарида пайғамбарлар, Шарқда ҳукмронлик қилган сулолалар тарихи ҳикоя қилинади. Ушбу лойиҳа Президентимизнинг ноёб тарихий-маданий меросимиз намуналарини Ватанимизга қайтариш борасидаги хайрли ташаббуслари доирасида амалга оширилаётгани қувонарли.

Шу йил май ойида “Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” мавзуидаги халқаро илмий-маданий конгрессида “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” лойиҳасининг илк тақдимоти ўтказилган эди. 

Анжуманда ушбу туркумга кирувчи навбатдаги бешта китоб-альбом тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тўпламлар Ўзбекистоннинг бой маданий мероси дурдоналари ҳақида ҳикоя қилади. Хусусан, VI жилд Россиянинг М.Глинка номидаги музейида сақланаётган юртимизнинг ноёб мусиқа асбоблари ва нота ёзувларига бағишланган бўлса, VII жилд Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институти ёзма мероси тўпламларидан жой олган қимматбаҳо ёдгорликларимизга оид маълумотларни тақдим этади. Санкт-Петербургдаги Давлат Эрмитажи, Давлат тарихи ҳамда Бутунроссия амалий безак ва халқ санъати музейларидаги халқимиз маданияти ва тарихи билан боғлиқ экспонатлар тўпламнинг VIII ва X жилдларидан ўрин эгаллаган. И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейидаги маданий меросга бағишланган альбом (IX жилд) илк бор чоп этилди. Китоб Туркистон авангардининг ноёб асарлари ҳақида гувоҳлик беради. 

Тадбирда ушбу тўпламлар 49 мамлакатдан келган 136 музей ва кутубхона вакилларига топширилди. 

АҚШнинг Hofstra университети профессори А.Наймаркнинг қайд этишича, мазкур йирик медиа-лойиҳа Ўзбекистон маданий меросини дунёга кенг ёйиш, халқаро маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу маънода, лойиҳа қамровини янада кенгайтириш, янги нашрлар тайёрлаш устидаги ҳамкорликни давом эттириш зарур. 

Тадбирда 2018 йилда чоп этилиши режалаштирилган китоб-альбомлар ва фильмлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Китоблар Ўзбекистон, Буюк Британия, Россия, Франция, Туркия ва Япониядаги фондларда сақланаётган, юртимизнинг нодир осори-атиқаларига бағишланади. 

Медиа-форумнинг биринчи кунида Ўзбекистон ҳудудида турли маданиятлар ва бадиий анъаналар, жаҳон коллекцияларида Ўзбекистон санъати каби мавзуларда маърузалар тингланди. Япониялик олимларнинг музей экспонатлари ёшини аниқлаш бўйича янги технологиялар ҳақидаги тақдимоти иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. 

Россиянинг “Культура” телеканали томонидан тақдим этилган “Ўзбекистон: кашф этилган синоатлар” ҳужжатли фильми қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Ўтган асрнинг 20-йилларида мамлакатимизда ёзиб олинган ноёб аудиоёзувлар илк бор эшиттирилди. Улар Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербург шаҳри Рус адабиёти институти (Пушкин уйи) фондларида сақлаб келинмоқда..

ЎМИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ

5389 марта ўқилди

Янгиликлар

Top