Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан ҳаммадан кўра кўпроқ Ўзбекистон манфаатдор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига асосан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.

Кўксарой қароргоҳидаги музокаралар якунида Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг Қўшма баёноти имзолангани ҳақида Ўзбекистон Президентининг расмий веб-сайтида хабар берилди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

Хавфсизлик масалалари бўйича қўшма комиссия тузиш, Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш, юк ташиш, божхона соҳасидаги алоқалар тўғрисидаги ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Шунингдек, ташриф доирасида умумий қиймати 500 миллион доллардан зиёд бўлган 40 дан ортиқ экспорт шартномаси имзоланди. Буғдой, қора металл прокати, минерал ўғитлар, қурилиш моллари, дуккакли ва бошқа маҳсулотлар экспорти бўйича келишувлар амалга оширилгани маълум қилинди.

Президентлар оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда бўлиб ўтган музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев: “Биз Афғонистоннинг яқин қўшниси сифатида бу жафокаш заминда тинчлик-осойишталик барқарор бўлишидан ҳаммадан кўра кўпроқ манфаатдор эканимизни яна бир бор таъкидлайман” деган фикрларни билдирдилар.

234 марта ўқилди
Top