Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар ФҲДЁда учрашувлар ўтказмоқда

Самарқанд вилоятида оила қураётган ёшларнинг оилага бўлган жиддий муносабатини шакллантириш, оиланинг мустаҳкамлигида эр-хотиннинг иноқлиги хусусида тушунтиришлар бериш мақсадида кўплаб учрашувлар ташкил этилмоқда. Учрашувлар жойлардаги ФҲДЁ (фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш) бўлимларида ёш оила қурувчилар билан олиб борилиб, улар тобора такомиллашиб, сермазмунлик касб этиб бормоқда.

5 декабрь куни ўтказилган учрашувда оила муқаддаслиги, масъулияти, эр-хотин вазифаси, бурч ва мажбуриятлари ҳақидаги никоҳ риштасининг мустаҳкамлигини таъминловчи насиҳатлар билан бошланган. Шундан сўнг ёшларнинг дунёқараши, қаршисида турган ҳаётининг янги босқичи бўйича тасаввури нималардан иборат эканлигига эътибор қаратилган.

Муҳокама ва савол-жавоб услубида олиб борилган суҳбат асносида ёшлар дунёқарашлари, фикр доираларидан келиб чиқиб мулоҳазаларини баён қилдилар.

Таъкидлаш лозимки иштирокчиларнинг аксарияти дабдаба тарафдори эмас ва имкон қадар ота-оналарига енгиллик бўлишини истайдилар. Албатта, уларнинг ушбу хилдаги хулосага келишларида имом хатиблар томонидан олиб борилаётган тушунтириш ва насиҳатларнинг ҳам салмоғи катта. Зеро, Қуръони каримда:

“Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур”, дея таъкидланган. (Зориёт сураси, 55-оят).

Бу галги учрашувларнинг ўзига хос жиҳатларидан бири Булунғур тумани ФҲДЁ бўлимидаги суҳбат давомида коллеж талабалари томонидан қайнона келин муносабатларига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

4363 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top