Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: афв бу – юксак ишонч намунаси

Бош қомусимиз қабул қилинган байрам тантанасини ёшу қари хурсандчилик билан кутади. Айниқса, айрим сабабларга кўра суднинг қора курсисига ўтириб қолган кишилар, ўша инсонларнинг қалтис ташлаган қадами оқибатида уялиб қолган қариндош-уруғлари бу байрамнинг йўлига айрича интиқлик ила кўз тикади. Маълумки, ҳар йили Сенат қарорига кўра, анъанага мувофиқ, айнан, ана шу байрам арафасида амнистия эълон қилинар эди. Бу йил биринчи марта Давлатимиз раҳбари томонидан судланганларни афв этиш тўғрисида фармон чиқарилди.


“Инсон” сўзи “нисён”дан олинган, ўзбекчада “унутувчи” деган маънони билдиради, деймиз. Айрим инсонлар ана шу сифати билан Аллоҳ таолонинг амрини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларини, шунингдек, давлат қонунларини ҳам унутиб гуноҳ ишларга, масъиятга, ҳуқуқбузарликка, борингки, жиноятга ҳам қўл уриб қўяди. Ҳатто баъзи кишилар қилиб юрган ишининг қонунга зид эканидан ҳам бехабар юриб, шунинг орқасидан судланувчига айланиб қолади. Баъзилар эса нафсининг юриғига юради, яна бирлари қилган ишидан дарҳол пушаймон бўлиб тавба қилади.


Қилган гуноҳига тавба қилганларни Аллоҳ таоло кечирганидек, бундай одамларни Давлатимиз раҳбари ҳам афв этишга тайёр. Чунки Раббимизнинг амри шундай:
“(Эй Муҳаммад,) ўз жонларига зулм қилган бандаларимга айтинг: “Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират қилур. Албатта, Унинг ўзи мағфиратли ва раҳмлидир. Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтинглар ва Унга бўйинсунинглар!” (Зумар, 53-54).


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида Президент Шавкат Мирзиёев 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тарихда илк бор Ўзбекистон Республикаси Президенти 2 минг 700 нафар судланганларни афв этиш, жумладан, турли ҳолатларда жиноят содир этган, қилган қилмишидан қаттиқ пушаймон бўлган ва тўғри йўлга кирган, турар жойи ҳамда жазони ўташ муассасаларидан ижобий тавсифнома олган 956 нафар шахсни жазони ўташ колонияларидан озод қилиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ судланганлар тез орада оиласи бағрига қайтади ва мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиларига айланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гуноҳларидан ўта музтар бўлган қавмга далда бўлиш, уларни мулзамликдан халос қилиш ниятида: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, агар гуноҳ қилсангиз, гуноҳингиз ер билан осмонгача бўлиб кетса ҳам, тавба қилсангиз, Аллоҳ таоло кечиради. Муҳаммаднинг жони измида бўлган Зотга қасам, агар сиз гуноҳ қилмаганингизда Аллоҳ таоло гуноҳ қиладиган бир қавмни келтириб қўярди. Сўнг улар мағфират сўрардилар. Аллоҳ уларни мағфират қиларди”, деб марҳамат қилган эканлар (Аҳмад ривояти).

Меҳрибон Парвардигоримиз миллатимиз бошига шундай бағрикенг раҳбарни юбордими, демак, бунинг шукрини адо этиш ҳам вожиб бўлади. Энди ушбу тарихий фармонга биноан афв этилганлар ҳам халқимизга ва юртбошимизга муносиб фуқаролар бўлишга ҳаракат қилиб, ижодкорлик қобилиятларини ишга солиб астойдил меҳнатлари билан ювиб олсалар, элу юрт олдида ўзларининг, фарзандларининг, қавму қариндошларининг юзини ёруғ қилган бўлади, иншоаллоҳ.
Бинобарин, афв бу – ишонч. Давлат раҳбарининг ўзига билдирилган ишончини ҳис қилиш, уни оқлашга интилишнинг ўзи шарафдир.

ЎМИ матбуот хизмати

308 марта ўқилди
Top