Ўзбекистон янгиликлари

Сооранбай Жээнбеков Ўзбекистонга келади

Қирғизистон Республикасининг янги сайланган Президенти, Сооранбай Жээнбеков жорий йилнинг 13-14 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида маълум қилинди.

Олий даражадаги учрашув ва музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларнинг бугунги ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари, чегараолди ҳамкорлик масалалари, айрим минтақавий ва халқаро муаммоларни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти, турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга қаратилган бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

 Аввалроқ, 5 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга, 5 октябрь куни эса Қирғизистоннинг собиқ Президенти Алмазбек Атамбаев Ўзбекистонга ташриф буюрганлари ҳақида айтиб ўтилган эди.

 

ЎМИ матбуот хизмати

645 марта ўқилди

Янгиликлар

Top