Ўзбекистон янгиликлари

Матбуот хабарномаси

2017 йил 18 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида шарқшунос олим, дин ва жамоат арбоби, дипломат Шамсиддинхон Бобохонов таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб нашр этилган фалсафа фанлари доктори, профессор Саидмухтор Саидқосимовнинг “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китобининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди. Унда ЎзФА академиги, филология фанлари доктори, профессор Неъматуллоҳ Иброҳимов, Иқтисод фанлари доктори, профессор Нурислом Тухлиев ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Шамсиддинхон Бобохоновнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган видеолавҳа намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар, шарқшунос олимлар, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом университети талаба-ёшлари қатнашди.

Тадбирда сўзга чиққан “Улуғ инсонлар маънавияти” номли китоб муаллифи, профессор Саидмухтор Саидқосимов Бобохоновлар сулоласининг оғир ва таҳликали даврларда Ислом дини ҳимояси йўлида чеккан заҳматлари ва ўз навбатида шоду хурсандчилик онларини ўзининг мазкур китобида содда ва халқчил тилда ифода этганини баён қилди.

Асар қизиқиш билан “бир нафас”да ўқилиб, катта таассурот қолдириши, унда Шамсиддин Бобохоновнинг ҳаёт йўли ва мазмунли фаолияти билан бирга Бобохоновлар сулоласи, улар билан замондош бўлган давлат ва жамоат арбоблари, олим ва ёзувчилар билан боғлиқ ҳаётий лавҳалар ҳам ўрин олгани тўғрисида профессор Нурислом Тухлиев тадбир иштирокчиларига маълумот берди.

Анжуманда сўзга чиққан муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шамсиддинхон Бобохонов 1982–1989 йиллардаги муфтийлик фаолиятлари шўролар давлатида парокандалик бошланган, қалтис бир даврга тўғри келгани, даҳрийлар ҳийла-найранг қилиб, кўп жабру ситамлар ўтказганини алоҳида таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, мана шундай замонлар ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳали одамларга шундай бир замон ҳам келадики, унда динида сабр қилувчи киши ҳудди чўғни чангаллаб турган одамга ўхшайди”, деган ҳадисларида диний фаолият кўрсатиш ўта қийин бўлган вақтларда динни ҳудди чўғни ушлагандек тутиб туришга қиёсланганини изоҳладилар. Шунингдек, Қуръони каримда: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, деб хабар қилингани (Шарҳ, 6) ва яна бир ояти каримада: “Эй имон келтирганлар! Сабр қилинг, бағрикенг бўлинг ва Аллоҳ йўлига тахт бўлиб туринг ва Аллоҳдан қўрқинг, зора, охиратда нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200) деб таъкидланганини муфтий ҳазратлари тадбир иштирокчиларига тушунтирдилар.

Сўзга чиққан нотиқлар одамлар мана шундай олимларнинг ҳаётларидан ибрат олиши ҳақида тўхталиб, мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг “Олимлар ҳақида ҳикоя қилиш, улар билан бирга ўтириш мен учун кўп фиқҳ ўқиш ва ўрганишдан яхшироқдир. Чунки, бу ҳикоялар қавмнинг одобу ахлоқлари манбаидир”, деган сўзларини келтиришди. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Мўминларнинг имон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир”, деган ҳадисни маърузачилар атрофлича шарҳлашди.

“Улуғ инсонлар маънавияти” номли асар кенг китобхонларга мўлжаллангани билан ҳам аҳамиятли экани анжуманда кўп бор таъкидланди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

3723 марта ўқилди

Янгиликлар

Top