Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев кимё саноати вакиллари билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 28 декабрь куни кимё саноати корхоналарининг молиявий-иқтисодий ҳолати ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

 

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ 2017 йил кимё саноати соҳасида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 апрелдаги “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқарув тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур акциядорлик жамияти бошқаруви аъзолари тўлиқ янгидан тайинланиб, кимё саноати тармоқлари ва бошқарув аппарати тузилмалари қайтадан шакллантирилди.

 

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 августдаги қарори асосида 2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури қабул қилинди. Унда умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг 43 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, саноат маҳсулотлари ҳажмини 2,4 марта, экспортни 2,7 баробар ошириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар улушини 42,5 фоизга етказиш ҳамда 43 та янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, 3,2 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Тармоқнинг экспорт-импорт фаолиятини тартибга солиш, ташқи савдо жараёнлари шаффофлигини таъминлаш, энг асосийси, ташқи бозорларда кимё маҳсулотларини сотиш ҳажмини ва географиясини кенгайтириш, рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини янада оширишни таъминлаш мақсадида “Ўзкимёимпэкс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

 

Албатта, амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотлар кимё саноатида ҳам ижобий натижалар бермоқда. Лекин тармоқда узоқ йиллар давомида сақланиб келган тизимли муаммолар ҳанузгача ўз ечимини топгани йўқ. Масалан, минерал ўғит ишлаб чиқарувчи саноат корхоналари оғир молиявий аҳволга тушиб қолган.

 

Қишлоқ хўжалигини молиялаштиришга умуман эътибор берилмагани ёки масалага юзаки ёндашилгани ушбу соҳадаги ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлмоқда, деди Президентимиз.

 

Қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар билан боғлиқ харажатлар қопланмаяпти. Оқибатда кимё корхоналарининг ишлаб чиқаришга сарфланган табиий газ, электр энергияси, фосфорит хомашёси, олтингугурт кислотаси ва бошқа турдаги товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш борасидаги имкониятлари чекланиб, кредитор қарздорлик ўсиб кетмоқда.

 

Шу боис 2018 йилдан бошлаб, истеъмолчиларга минерал ўғит етказиб бериш “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳузурида ташкил қилинадиган “Ягона агент” воситачилигида биржа савдолари орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

 

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитларнинг таннархини пасайтириш ва тармоқ корхоналарининг рентабеллик даражасини ошириш борасида ҳам камчиликлар мавжуд. Хусусан, азотли ўғитлар таннархининг 67 фоизини энергия ресурслари ташкил этади. 2017 йилда “Фарғонаазот” корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Қўқон суперфосфат заводи, “Аммофос-Максам” ва “Максам-Чирчиқ” бирлашмаларида ишлаб чиқариш паст рентабелли бўлган, “Навоийазот” корхонаси эса йилни зарар билан якунлаши кутилмоқда. Бундай шароитда корхоналарнинг ўз айланма маблағларини шакллантириш имконияти бутунлай чекланиб, улар муаммоларни 16-18 фоизли кредитлар жалб қилиш орқали ҳал этиб келмоқда.

 

Шу сабабли “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018-2019 йилларда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва рақобатбардошлигини оширишнинг аниқ чора-тадбирлари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

 

Эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир муаммо – асосий технологик ускуналарнинг эскирганидир. Бунинг оқибатида ишлаб чиқаришнинг технологик тартиблари издан чиқмоқда, маблағ етишмаслиги сабабли ускуналар жорий ва капитал таъмирдан ўтмаяпти.

 

Давлатимиз раҳбари жорий ва капитал таъмир ишларини амалга ошириш юзасидан тармоқ режасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

 

Қишлоқ хўжалигини фосфорли ўғитлар билан илмий асосланган даражада таъминлаш масаласи муҳокама қилинар экан¸ бу борадаги эҳтиёж 639,6 минг тонна бўлиб, бугунги кунда унинг 25 фоизигина қопланаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан мавжуд қувватларни модернизация қилиш орқали 2019 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажмини 177 минг тоннага, 2021 йилда янги фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш ҳисобига 550 минг тоннага етказиш кўзда тутилмоқда.

 

Йиғилишда илмий-тадқиқот, малака ошириш ва диагностика марказлари ҳамда лойиҳа институтлари фаолияти танқидий таҳлил қилинди. Кимё соҳасини ривожлантириш ва жаҳон бозорларида рақобатбардошликни таъминлаш, тармоқни тубдан диверсификациялаш кўп жиҳатдан илмий-тадқиқот, лойиҳалаш, инжиниринг, диагностика марказлари ва, асосийси, малакали кадрлар салоҳияти билан бевосита боғлиқдир. Аммо бу йўналишдаги аҳвол ҳам ҳозирча қониқарсиз ҳолатда. Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкимёсаноат” АЖга тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, Жанубий Корея кимёвий технологиялар тадқиқотлари институти билан биргаликда “Ўзкимёсаноатлойиҳа” лойиҳалаш институти ва Тошкент кимёвий технологиялар илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, инжиниринг ва лойиҳалаш, диагностика ҳамда ходимлар малакасини ошириш йўналишларини ўзида мужассам қилган ягона марказни яратиш вазифаси топширилди.

 

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

4435 марта ўқилди
Мавзулар