Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳинд телевидениясида намойиш этилади

Хорижий мамлакатларда миллий сайёҳлик брендини оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Ҳиндистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Travelxp” телеканалининг тасвирга олиш гуруҳи Ўзбекистонга ташриф буюрди.

 

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси берган хабарга кўра, сафардан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳияти бўйича филмь тайёрлаш ҳамда мазкур филмни 2018 йил давомида эфирга узатишдан иборат.

 

Ижодий гуруҳ беш кишидан ташкил топган бўлиб, жорий йилнинг 12-23 декабр кунлари юртимизда бўлган. Тасвирга олиш жараёнлари Тошкент (тарихий диққатга сазовор жойлар, телеминора, Мустақиллик майдони, темирйўл вокзали), Самарқанд, Шаҳрисабз, Бухоро ва Хива каби шаҳарларда амалга оширилган.

 

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, “Travelxp” хусусий телеканал бўлиб, 2011 йилда ўз фаолиятини бошлаган ҳамда туризм соҳасига мўлжалланган. Телеканалнинг дастурлари Ҳиндистон бўйлаб сунъий йўлдош ва кабел каналлари орқали қатор хорижий давлатларда эфирга узатилади. Дастурлар ҳинд, инглиз, тамил, бенгал, тайланд, испан, немис, француз, япон, рус, араб, форс ва хитой тилларида олиб борилади.

858 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top