Ўзбекистон янгиликлари

Арипов Тожикистонга боради, президент расмий ташрифига тайёргарлик муҳокама этилади

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Тожикистон пойтахти Душанбега 10-11 январь кунлари амалий ташриф билан келади. Бу ҳақда «АП» Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар бермоқда.

Ўзбекистон бош вазирининг Душанбега ташрифи чоғида Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва республика бош вазири Қоҳир Расулзода билан учрашув ўтказилиши кутилмоқда.

Абдулла Ариповнинг Тожикистон расмийлари билан учрашувлари ва музокаралари чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега баҳор ойлари бошида кутилаётган расмий ташрифига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, Ариповнинг Душанбега ташрифи чоғида томонлар Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, икки давлат чегарасидаги баҳсли қисмларнинг демаркацияси ва делимитациясини тезлаштириш бўйича масалаларни муҳокама қилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан учрашувда ушбу ташриф ҳақида ҳам айтиб ўтганди. 

“Абдулла Неъматович Тожикистонга бориб, расмий ташрифга тайёргарлик кўриб келади. Биз катта-катта шартномаларга қўл қўйиб, Тожикистон билан темир йўл ҳам очилади, электр энергиясини узатишни очишга ҳам келишдик. Қўшни билан қандай яшаган бўлса, шундай яшаш керак. Ҳамма ўтади бу дунёдан, лекин қўшни билан яхши бўлмаганни ҳеч ким, ҳеч қачон кечирмайди. Шуни ҳамма билиши керак. Бу осон эмас – 20 йиллик музни эритиш керак. Дунё ҳамжамияти бизга нима дейди: сен олдин қўшнинг билан тил топишгин, кейин биз сен билан дўст бўламиз. Сен қўшнинг билан тил топишмасанг, сен қандай биз билан дўст бўлишинг мумкин, дейди”, - дея айтиб ўтди давлат раҳбари.

http://kun.uz

4349 марта ўқилди

Янгиликлар

Top