Ўзбекистон янгиликлари

Малайзия ва Индонезия зиёратчилари Ҳаждан олдин Ўзбекистонга келади

15 январь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш истиқболлари ва унинг мамлакат иқтисодиётидаги аҳамияти” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Президент матбуот хизмати томонидан ташкил этилган навбатдаги Пресс Ҳоллда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов соҳа олдида турган режалар ҳақида маълумот бериб, журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда “kun.uz” нашри маълумот берди. 

Қўмита раисининг маълум қилишича, Малайзия ва Индонезия зиёратчилари Ҳаждан олдин Ўзбекистонга келиши учун тўғридан-тўғри авиарейс ташкил этилади. 

“Ўзбекистонда “Зиёрат туризми” ривожлантирилади. Бунда Малайзия ва Индонезия сайёҳларини жалб этиш мумкин. 

Масалан, Малайзияда ҳозирда ҳажга бориш навбатини 42 йил кутишга тўғри келади. Индонезияда эса ўрта ҳисобда ойига 100 мингга яқин киши Туркия орқали Умрага қатнамоқда. 

Ўзбекистон улар учун транзит вазифасини ўташи мумкин. Бизда ушбу икки давлат аҳолиси учун ҳам муқаддас бўлган Ал-Бухорий, Ал-Мотуридий зиёратгоҳлари бор. Бизнинг тариқатимиз ҳам улар учун маъқул келади. 

Шундан келиб чиқиб, Малайзия ва Индонезия ҳожилари Маккага бориш йўлида Ўзбекистонда бир ҳафта вақтни ўтказиши мумкин. 

Кўп иш олиб боришимиз керак. Ташриф буюрувчилар учун шароитлар яратилиши лозим. Бунинг учун бизнинг қўмитамиз томонидан тегишли стандартлар ишлаб чиқилиб, 2018 йилдан бошлаб меҳмонхоналарнинг 10 фоиз хонасида Қуръони карим китоби бўлиши, 30 фоиз хонасида қиблани кўрсатувчи белгилар қўйилиши керак. 

Бундан ташқари, улар учун кўплаб турларни яратишимиз керак. Бу борада бизнинг туристик операторларимиз Малайзия ва Индонезия компаниялари билан ҳамкорлик ўрнатмоқда. Менимча, февраль-март ойларидан бошлаб тўғридан-тўғри Жакарта-Самарқанд-Жидда авиарейси ҳам йўлга қўйилади. Бу эса юқорида айтилган режалар амалга оширилишига имкон яратади. 

Зиёрат туризми ҳақида гапирганда фақатгина мусулмон давлатлардан келувчи сайёҳлар ҳақида ўйлашимиз керак эмас. Исроилдан Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига саёҳат қилаётгани минглаб исроилликлар Ўзбекистон аэропортларидан транзит сифатида фойдаланмоқда. Ҳозирги кунда икки мингга яқин сайёҳ транзит қилиб Ўзбекистондан ўтмоқда, лекин улардан бирортаси бу ерда вақтини ўтказмайди. Бу оқимни 10 мингтага ошириш учун исроилликларга қисқа муддатли визалар бериб, транзит вақтида улар Ўзбекистонда камида 3 кун қолиши учун ишлар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятида буддизмга алоқадор кўплаб обидалари бор. Шунинг учун, ҳозирги кунда Япония, Корея, Хитой давлатларидан катта қизиқиш билдиришмоқда ва бир неча лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун, у ердаги обидаларни ва меҳмонхоналарни тартибга келтиришимиз керак”, деган Азиз Абдуҳакимов.

ЎМИ Матбуот хизмати

3635 марта ўқилди

Янгиликлар

Top