Ўзбекистон янгиликлари

“Ўзбеккино” Имом Бухорий тўғрисидаги фильмга доир хабарларга тузатиш киритди

“Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан Имом Бухорий ҳазратлари ҳақидаги фильм олиниши ҳақидаги хабарларга тузатиш киритди. Ушбу баёнотнинг тўлиқ матни билан танишинг. 

“Куни кеча интернетдаги айрим ОАВ томонидан Имом Бухорий ҳақида фильмни суратга олиш ишлари бошлангани ҳақидаги хабарлар тарқатилди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати ўқувчиларга тўғри маълумот етказиш мақсадида ушбу хабарга тузатиш киритишни лозим деб билади. 

“Ўзбеккино” МА томонидан халқимизнинг бой ва қадимий тарихи, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо мероси ҳамда бугунги замондошларимиз ҳаётини акс эттиришга бағишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича дастлабки ҳаракатлар бошланганини маълум қиламиз. 

Агентликнинг яқин 3 йиллик режасига мувофиқ, Имом Бухорий, Имом Термизий, Термизийлар сулоласи, Имом Мотуридий, Абу Муъин Насафий, Баҳоуддин Нақшбанд каби мутафаккир ва азиз-авлиёлар, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби давлат арбоблари, шоир ва адиблар, Ибрат, Абдулла Авлоний ва Чўлпон каби маърифатпарвар боболаримизнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида бадиий, бадиий-публицистик киноасарларни яратиш белгилаб олинган. 

Ҳозирда ушбу фильмлар, шу жумладан Имом Бухорий фильми учун ёзилган адабий сценарийлар мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилмоқда. Якунда айнан қайси муаллифлар сценарийлари асосида фильмлар суратга олиниши ва улар қайси ижодкорларга ишониб топширилиши фақатгина Агентлик Бадиий кенгаши кўригидан сўнг маълум бўлишини эслатиб ўтмоқчимиз. 

Шундай экан, Имом Бухорий ҳақидаги фильмнинг муаллифи ва режиссёри ҳақида ҳозирданоқ хулоса чиқаришга шошилмасликни тавсия қиламиз. Ўзбек миллий киносига доир ҳар қандай маълумотларни олиш учун Агентлик ахборот хизматига мурожаат қилишингиз мумкин”. Юқоридаги фикрлар Ўзбеккино Миллий агентлигини Ахборот хизмати томонидан билдирилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

3764 марта ўқилди

Янгиликлар

Top