Ўзбекистон янгиликлари

Қуръоний зиёфат қадимий Бухорода

Довруғи оламга достон кўҳна Бухоро, қанчадан-қанча олиму уламолар, фозилу фузалолар, қорию қурроларни тарбиялаб, дунёга тақдим этган замин экани, инкор этилмас ҳақиқат.
Айниқса, ислом оламига машҳур ва маълум “Мир Араб” мадрасаси ва унда таълим олган толиби илмлар томонидан, бугунги кунда ислом таълимоти ва Қуръони карим зиёси дунёнинг турли мамлакатларида таратилмоқда.
Жорий йилнинг 20 январь кунидан бошлаб ушбу вилоятнинг бир неча туманларида мусобақанинг ҳудудий босқичлари бошланади. Сиз азизлар билан тўрт кун давомида Жиззах, Сирдаё ва Самарқанд вилоятларида хушовоз қорилар тиловатини тинглаб, роҳатландик.
Ўлкамизнинг ҳар бир ҳудудида ана шундай қориларнинг ўзига хос савти, оҳанги бор, албатта. Бухоро қорилари ҳам ўзларининг маҳоратлари билан жуда ҳам машҳур.
Эртага Бухоро туманидаги “Чаҳор Бакр” ва «Абдулходиқ Ғиждувоний» жомеларида Бухоро вилоятидаги Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Ҳозирда тайёргарликлар жуда авжида, мусобақа muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида онлайн узатиб борилади.
Қуръонни қалбга жо айлаш, Каломуллоҳни яхши кўриш инсонни икки дунё саодатига етиштиради. Шундай экан, барча Қуръон ихлосмандларини эртага азим Бухорога таклиф этамиз, Қуръоний зиёфатга марҳабо, азизлар!


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

4454 марта ўқилди

Янгиликлар

Top