Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада юртдошларимиз ҳалок бўлгани муносабати билан хорижий мусулмонлари идоралари раҳбарлари, муфтийлар номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси номига ҳамдардлик мактублари келмоқда. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Муҳтарам Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари!

Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман,

2018 йил 18 январь куни Қозоғистонда йўловчи автобусининг ёниб кетиши оқибатида кўплаб мусулмон қардошларимиз вафот этганидан чуқур қайғу билан хабар топдим. Ҳазрати олийларининг ҳамда дўст ва қардош ўзбек халқининг ушбу буюк қайғусига турк миллати, айниқса Туркия Диёнат Бошқармаси жамоаси ўлароқ чин қалбдан шерикмиз.

Жаноби Ҳақ ҳеч бир ўлкага ва миллат халқининг бошига бундай оғир мусибат солмасин ва чуқур қайғу-аламли ҳодисаларни кўрсатмасин. Жаноби Ҳақдан юртларимизни самовий ва арозий бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида асрашини сўраб қоламан.

Ушбу муносабат билан турк халқи, ўз шахсим ва жамоа аъзоларим номидан Сиз ҳазрати олийлари орқали дўст ва қардош ўзбек халқига чуқур қайғуларим билан биргаликда таъзияларимни билдириб қоламан.

Ушбу қайғули офат оқибатида вафот этиб раҳмати раҳмонга эришганларга, Жаноби Ҳақдан раҳматлар, мусибатли хонадон аҳлларига ва барча яқинларига сабру жамийл тилаб қоламан.

Энг самимий қалб саломлари ва камоли эҳтиром ила,

Профессор, доктор Али ЭРБОШ

Туркия Диёнат ишлари Бошқармаси раиси

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,

муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига,

Ҳурмали Усмонхон ҳожи,

Қозоғистоннинг Оқтўба вилоятида рўй берган фожиали ҳодисада қурбон бўлган ўзбекистонликлар оиласига ва Сизга Қирғиз халқи ва ўз номимдан чуқур таъзиямни билдираман.

Аллоҳ таоло марҳумларни ўз раҳматига олсин ва уларнинг оила аъзоларига сабр берсин. Мазкур ҳодиса туфайли жабрланган ўзбекистонлик қардошларимизга Аллоҳ таоло шифои комил ато қилишини, тез орада соғайиб кетишларини жамоамиз билан Аллоҳ таолога дуолар қиламиз.

Бу мусибатни қирғиз халқи ҳамма мусулмонлар учун бирдек мусибат деб қаьул қилади.

Камоли эҳтиром билан,

Махсатбек ҳожи Тохтамишев,

Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Ҳамдардлик мактублари келишда давом этмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3357 марта ўқилди

Янгиликлар

Top