Ўзбекистон янгиликлари

Навоий шаҳар ҳокими: “Ким Худонинг каломини ёдласа, ҳеч қачон кам бўлмайди”

Навоий вилоятида бўлиб ўтаётган Қуръон мусобақасининг ғолибларини тақдирлаш учун Навоий шаҳар ҳокими Халилов Умарбек ташриф буюриб, мукофотларни топширди. Тақдирлаш маросимида шаҳар ҳокими сўзга чиқиб: “Ушбу мусобақа республикамизда биринчи марта ўтказиляпти. Бизнинг энг асосий мақсадимиз, вилоятимизда қанча қорилар борлигини билиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва илоҳий каломга муҳаббатли одамларни кўпайтиришдир. Илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада қатнашган одам тарихда қолади. Шунингдек, Ким Худонинг каломини ёдласа, ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун Навоий шаҳримизда ўзга файз кезиб юрибди. У ҳам бўлса шаҳримизда қорилар жам бўлиб, шундай мусобақа ўтказилишидир. Барчага муваффақият тилайман, вилоят ғолибларини республика ва хорижда ҳам фахрли ўринлар олишларини тилайман”, деган сўзларни баён қилди.
Навоий вилояти мутасаддилари томонидан мусобақа иштирокчилари ва томошабинларига эҳсон дастурхонлари ёзилди ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Қуръон мусобақаси диёримизда мана шундай юксак эътибор, катта тараддуд ва энг юқори даражада ўтказилмоқда. Бундан аввал ҳам Сирдарё вилоятидаги мусобақанинг ҳудудий босқичига шахсан вилоят ҳокими ташриф буюриб, иштирокчиларни тақдирлагани ҳақида хабар берган эдик. Мана шундай кайфият жойлардаги мусобақанинг ҳар бир босқичида кузатилиб, ҳокимият вакилларининг ташрифи билан мусобақа савияси янада кўтарилмоқда.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

3639 марта ўқилди

Янгиликлар

Top