Ўзбекистон янгиликлари

Сицилиядаги Бухорий қишлоғига бухороликлар асос солганми?

«Халқ сўзи» газетасида Аҳмад Турсуннинг Сицилиядаги Бухорий қишлоғи тарихи ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.

Фото: «Халқ сўзи»

Тарих фанлари доктори, профессор Роберт Ланда Сицилия оролига қилган саёҳати чоғида бу ердаги Буккери қишлоғига қўнди ва, табиийки, олимларга хос қизиқувчанлиги туфайли қишлоқнинг тарихи билан қизиқди. Маълум бўлишича, «Буккери» дегани «бухорий» сўзининг бузиб айтилган шакли бўлиб, тўққизинчи-ўнинчи асрларда Бухородан келган бир жамоа оролни маскан тутган экан.

Бухорийлар олис Италиядаги бу оролга қандай бориб қолишган? Тарихдан маълумки, милодий саккизинчи асрда мусулмонлар Сицилияни фатҳ этди ва 1091 йилгача бу ерда ҳукмронлик қилди. Фотиҳлар орасида араблар, барбарлар, занжи африқоликлар ва бошқа Ислом мамлакатларининг вакиллари бўлган. Италия шарқшуноси Микеле Амарнинг ҳисобига кўра, ҳозир оролда бир вақтлар мусулмонлар барпо этган ёки эгаллаган шаҳар ва мавзеларнинг арабча 328 номи ҳамон сақланиб қолган.

Мусулмонларнинг кемалари Сицилиядаги истеҳкомлари ёрдамида Италия, Франция, Испания соҳилларига Ислом даъвати билан етиб борди. Айни пайтда оролда мусулмонлар ҳукмронлиги ўрнатилганидан кейин қишлоқ хўжалиги гуллаб-яшнади, сунъий суғориш кенг қўлланила бошлади. Ўша пайтда бутун Европага нотаниш бўлган пилла, пахта, шакарқамиш, шоли, пўртаҳол, лимон, хурмо етиштириш йўлга қўйилди. Бу ерда навшатир олишди, йирик темир кони очилди. Мусулмон Сицилияси қўшни ўлкаларни озиқ-овқат, газлама, қурилиш ёғоч-тахтаси билан таъминлай бошлади. Оролнинг араб тожирлари Неапол, Салерно, Амалфо ва Италия жанубидаги бошқа савдо шаҳарларида муқим жойлашиб олишди. Шоир ва сайёҳлар Сицилия боғлари, дарёлари, фаввораларини, бу ерда ўтказиладиган мусулмон байрамларининг жозибасини басма-басига куйлашарди.

1061—1091 йилларда оролнинг тинчи бузилди. Италия жанубида ўрнаша бошлаган норманларга қарши қаттиқ кураш олиб боришга тўғри келди. Нормaнлар охири оролни босиб олишди. Бироқ Сицилиядаги араб-Ислом маданиятининг кучи ва унинг босқинчиларга таъсири шунчалик катта эдики, ҳокимият алмашуви ҳам ҳеч нарсани ўзгартира олмади. Шаҳарлик мусулмонларнинг анчагина қисми оролни тарк этиб, Миср ва Мағриб ўлкаларига кўчиб кетган бўлса-да, норманлар давлатида араб тили ва маданияти гуллаб-яшнайверди. Мусулмонлар ҳамон муҳим вазифаларни эгаллаб туришарди. Араб ҳунармандлари ва тожирлари ўз имтиёзларини, шу жумладан, Ислом динига эътиқод қилиш эркинлигини сақлаб қолишди. Улар яшаётган маҳаллаларда масжидлар ҳамон кўкка бўй чўзиб турарди. Нормaнлар ўз армияларида мусулмон жангчилар ва араб муҳандисларидан фойдаланишарди.

Фото: «Халқ сўзи»

Норманлар ҳукмронлиги даврида (1091-1194) Сицилияда мусулмон кийимлари, араб тилидаги ёзишмалар, мусулмон тақвими саналари ва Қуръон оятлари зарб қилинган тангалар кенг тарқалган эди. Саройда араб мударрислари ва сўз усталари хизмат қилишарди.

Ўн иккинчи асрда қирол Рожер Иккинчи саройида улуғ араб олими Абу Абдуллоҳ ал-Идрисий истиқомат тутган эди. Мағрибда туғилган, хулафои рошиддининг тўртинчиси ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)дан тарқаган идрисийлар вакили бўлмиш бу олимни кейинчалик Ислом дунёсида «Аш-шариф ас-сақолий» (шарафли сицилиялик) деб атайдиган бўлишди. Унинг қаламига мансуб «Ҳайратга тушган сайёҳнинг турли ўлкалардаги машғулотлари» номли китоб ўша пайтдаги жуғрофий асарларнинг энг мўътабар ва ишончлиси бўлиб, узоқ асрлар мобайнида мусулмон ва насроний олимлар орасида илмий қимматини йўқотмай турди.

Сицилиядаги араб-Ислом маданияти ўн иккинчи-ўн учинчи асрларда, айниқса, бир пайтнинг ўзида Олмония императори ва Қуддуси шариф қироли бўлган Фридрих Иккинчи даврида гуллаб-яшнади. Унинг саройида араб шеърияти, мусиқаси, урф-одатлари ҳукмрон эди. Қирол бир қанча мусулмон олимлари ва файласуфларига ҳомийлик қилди, ўзи чин мухлиси бўлган Ибн Сино ва Ибн Рушд асарларини арабчадан лотин тилига ўгиришга фармон берди.

Ўн бешинчи асрга келиб Сицилияда араб тили йўқолиб кетса-да, араб-Ислом ҳазорасининг оролдаги таъсири узоқ вақт муҳрланиб қолди. Унинг излари аҳоли масканлари номларида, тил лаҳжаларида, айрим урф-одатларда, оролнинг ҳозирги фуқаролари тарихий хотирасида сақланиб қолган. Оролдаги Бухорий қишлоғи ана шу олис тарихнинг бир шуъласидир.

Манба: https://daryo.uz

1065 марта ўқилди

Янгиликлар

Top