Ўзбекистон янгиликлари

Эртага Қуръон мусобақаси Тошкент вилоятида

Азиз Қуръон мухлислари эртага, 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида қорилар мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Пойтахт вилоятида Қуръон мусобақасини катта байрам қилиб ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Бу ҳудудда тириклик чоғида ҳикматга тўла сўзлари ила кишиларни энг тўғри йўлга бошлаб, ўзидан кейин ўчмас из қолдириб кетган зотлар кўп бўлган. Уларнинг ортидан эргашган инсонлар ҳеч қачон адашмаган ва адашмайди ҳам. Мана шундай зотлардан бири Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратларидир. Занги ота Ҳимматий камтарона ҳаёт кечирган бўлса-да, кўп одамларнинг ҳидоят топишида, маънан юксалишида ва ахлоқий камолга етишида буюк хизматлар қилиб ўтган зотдирлар.
Тошкент вилояти яна кўп машҳур алломаларга бешик бўлган замин ҳисобланади. Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғидаги Шайх Умар Боғистоний ҳам мўътабар шахслардан бўлган. Ушбу улуғ зотни Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Булардан ташқари “Шомилқори авлиё”, “Заркент ота”, “Шоабдумалик бобо”, “Хожакорсоз ота”, “Адҳам саҳоба”, “Саид ота“ ва “Бобо Мочин” каби ўнлаб авлиё зотлар ушбу табаррук заминда яшаб ўтганлар.
Мана шундай улуғ зотлар ҳоқи поки қўним топган табаррук масканларда эртадан бошлаб уч кун давомида Қуръони карим оятлари янграйди. Ҳақиқатан Қуръон тиловати билан маҳалла-гузарларимиз, хонадонларимизга файз кирмоқда, умримиз, ҳаётимиз баракали бўлмоқда.
Муҳтарам дўстлар, эртага 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида, 11 февраль куни Чирчиқ шаҳрида, 12 февраль куни Зангиота туманида бўладиган қорилар мусобақасига марҳабо!
Бизнинг muslim.uz портали орқали мусобақани жонли кузатинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

834 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top