Ўзбекистон янгиликлари

“Ҳалол туризм” соҳасида Ўзбекистоннинг рейтингини яхшилаш учун нима зарур?

Ўзбекистон Республикаси ўзининг тарихий қадамжолари, турли дин вакилларининг аҳил яшаши билан сайёҳлар орасида машҳур. Бироқ ушбу салоҳиятнинг ўзигина миллионлаб сайёҳларни мамлакатимизга жалб этиш учун етарли эмас. Буни Ўзбекистонга 2016 йилда 2 миллиондан ортиқ, 2017 йилнинг биринчи ярмида эса 1 миллион 125 минг нафар сайёҳнинг ташриф буюрганидан кузатиш мумкин. 

Маълумотларга кўра, жаҳонда ислом динига эътиқод қилувчи 1,6 миллиард аҳоли истиқомат қилади, шундан қарийб 150 миллиони ҳар йили саёҳат қилади. 

Мамлакатимизга ҳар йили 10 миллионга яқин сайҳларни қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бунинг учун эса,  Ўзбекистонда сайёҳларни қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришда амалий ишлар амалга оширилмоқда. Ҳамёнбоп турар жойлар ва овқатланиш шаҳобчаларини қуриш, транспорт ҳаражатларини янада камайтириш, камчиқимликни хуш кўрувчи, исроф қилишни ёмон кўрувчи мусулмон кишини Ўзбекистонга чорлайди. 

“Ҳалол саёҳат” бўйича “Crescent Rating” ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистон 28 поғонани эгаллаган. Бу 2017 йилдаги ҳолат. Рейтингда мамлакатимизга “хавфсиз саёҳат” (84.0), “Ибодатхонага кириш эркинлиги” (80.0), “Овқатланиш имкониятлари ва кафолатлари” (70.0) йўналишларида юқори баҳоланган. 

Бироқ, “Оилавий таътил” (44.4), “Сайёҳларнинг келиши” (21.2), “Аэропорт имкониятлари” (48.3), “Яшаш шароитлари” (33.2), “Коммуникация имкониятлари” (19.0), “Виза” (50.0), “Мусулмонлар учун имкониятлар” (25.0) йўналишида эса ўрта ва қуйи даражада баҳоланган. 

Ушбу рақамларни яхшилаш учун эса қуйидаги фаолиятни амалга ошириш зарур:

- мусулмон мамлакатлари аҳолиси учун “ҳалол туризм” сайёҳлик тур-пакетларини тақдим қилиш;

- овқатланиш шоҳобчаларини “Ҳалол” сертификатлаш тизимини жорий этиш;

- оилавий саёҳат қилиш имконитларини яратиш;

- халқаро ва маҳаллий аҳамиятга эга бўлган аэропортлар имкониятини кенгайтириш ва уларнинг ҳар бирида намозхоналар ва ҳалол овқатланиш учун махсус жойлар ажратиш;

- Ҳалол меҳмонхона ва ҳалол меҳмон уйларини яратиш мақсадга мувофиқдир. 

2018 йил якунлари бўйича ушбу рейтинг яхшиланишига умид бор, сабаби Ўзбекистон 7 мамлакат фуқаролари учун виза тизимини бекор қилди. Уларнинг кўпчилиги эса мусулмон мамлакатлар ҳичобланади. Зиёрат туризмини янада ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиёти ва унинг равнақи учун ҳам муҳим ўрин тутади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

4843 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top