Ўзбекистон янгиликлари

Қорилар мусобақаси бугун Сурхондарёда

Бугун, 28 февраль куни Сурхондарё вилоятида қорилар мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтади. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 11 нафар қори, 10 нафар қория жами бўлиб 21 киши ҳаракат қилади.
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган Қуръони карим мусобақаси сабаб файзу барака ёғилмоқда, Ҳақ таолонинг Каломига ошиқ кўнгиллар ояти карималарни жон қулоқлари билан тинглашмоқда.
Энг муҳими Қуръони каримни тинглаш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Менга қироат қилиб бергин”, дедилар. Мен: “Эй Расулуллоҳ, Қуръон сизга нозил қилинган бўлса, сизга мен қироат қилиб берайинми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар.
Бошқа ривоятда “Мен Қуръонни бошқадан эшитишни хуш кўраман”, дедилар. Мен “Нисо” сурасини ўқиб, “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” оятига етганимда, “Етарли” дедилар. Қарасам икки кўзларидан ёш оқаётган экан”, дейилган.
Шундай экан азизлар, эртага Сурхондарё вилояти бўйича Қуръон мусобақасининг вилоят босқичидан баҳраманд бўлинг. Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2833 марта ўқилди

Янгиликлар

Top