Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев 7 мамлакат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 февраль куни Покистон Ислом Республикаси, Швейцария Конфедерацияси, Латвия Республикаси, Исроил Давлати, Германия Федератив Республикаси, Словакия Республикаси ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчилари этиб тайинланган Ирфон Юсуф Шомий, Оливье Шав, Михаилс Попковс, Эдуард Шапира, Гюнтер Оверфельд, Ян Бори ва Цзян Яндан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот хизмати хабар берди. 

Давлатимиз раҳбари элчиларни мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий қутлаб, масъулиятли фаолиятида улкан ютуқ ва муваффақиятлар тилади. 

Маросимда Ўзбекистон кучли фуқаролик жамияти ва жадал ривожланаётган бозор иқтисодиётига эга эркин ва демократик давлат барпо этишнинг янги тарихий босқичига қадам қўйгани алоҳида таъкидланди. 

Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришлар муқаррарлик тусини олмоқда. 

Очиқ ташқи сиёсат олиб бормасдан, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамламасдан туриб белгиланган вазифаларни амалга ошириб бўлмаслиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатида ғоят қисқа даврда салмоқли натижалар қўлга киритилди. Хорижий давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашда бундан буён ҳам барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этиши ҳамда очиқ, дўстона ва амалий ташқи сиёсат олиб боришни давом эттиришини таъкидлади. Бунда аввало қўшни давлатлар билан муносабатларга алоҳида эътибор берилади. 

Шунингдек, дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли шерикликни кенгайтириш сиёсати давом эттирилади. 

Президентимиз ўз нутқида янги элчиларни тайинлаган мамлакатлар билан дўстлик алоқалари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларига тўхталди. 

Ўзбекистон Республикаси минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда анъанавий равишда муҳим ўрин тутаётган Покистон Ислом Республикаси билан кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият бераётгани таъкидланди. 

Олий даражадаги мунтазам сиёсий мулоқотлар икки томонлама ҳамкорликни сезиларли фаоллаштиришга хизмат қилди. Шу билан бирга, ўзаро савдо-сотиқ ҳажмини ошириш, агросаноат, фармацевтика, кўнчилик ва бошқа тармоқларда кооперацияни кучайтириш учун улкан салоҳият мавжуд. 

Швейцария Конфедерацияси Ўзбекистоннинг Европадаги ишончли ва узоқ муддатли шеригидир. 

Бугунги кунда Ўзбекистон – Швейцария муносабатлари сиёсат, иқтисодиёт, молия ва банк, маданият ва таълим каби турли соҳаларда муваффақиятли ривожланмоқда. Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан самарали шериклик йўлга қўйилган. 

Швейцариянинг етакчи компаниялари билан кимё, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳасида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги алоҳида қайд этилди. 

Латвия Республикаси билан фаол сиёсий мулоқот йўлга қўйилган, иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланмоқда. 

Ригада буюк аждодларимиз Мирзо Улуғбек ва Абу Али ибн Сино ҳайкаллари ўрнатилгани мамлакатимиз ва халқимизга юксак ҳурмат-эҳтиром ифодасидир. 

Савдо, инвестиция ва инновациялар, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларидаги дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари экани қайд этилди. 

Ўзбекистон Исроил Давлати билан ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди. 

Исроилнинг илғор технологиялари, тажрибаси, илмий ютуқларини жалб этиш асосида биотехнологиялар, энергия ва сув ресурсларини тежаш, тиббиёт ва фармацевтика, туризм каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф этилди. Таълим, маданият ва спорт соҳаларида мавжуд катта салоҳиятдан фойдаланиш муҳимлигига эътибор қаратилди. 

Мамлакатимизнинг ишончли ва узоқ муддатли шериги бўлган Германия Федератив Республикаси билан барча соҳаларда фаол мулоқот йўлга қўйилган, яқин алоқалар ва тажриба алмашуви қўллаб-қувватланмоқда. 

Асосий эътибор мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори технологик тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Германиянинг етакчи компаниялари билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини ривожлантиришга қаратилди. 

Илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди. 

Словакия Республикаси Ўзбекистон учун Европадаги истиқболли ҳамкорлардан бири ҳисобланади. 

Давлатимиз раҳбари сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқаришни таклиф этди. Бу ўринда, аввало, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё ва озиқ-овқат саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга. 

Ўзбекистон Президенти Хитой Халқ Республикаси билан дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этди. 

Икки давлат раҳбарларининг ўтган йили Пекин ва Остона шаҳарларида бўлиб ўтган учрашувлари ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиб, аниқ мазмун билан бойитди. 

Давлатимиз раҳбари ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларида, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестиция, инновация, молиявий-техник, транспорт коммуникациялари ва бошқа йўналишлардаги шерикликни чуқурлаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлигини алоҳида таъкидлади. 

Транспорт-транзит йўлакларини ривожлантиришга доир минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан, Ўзбекистон – Қирғизистон –Хитой темир йўл магистралини қуриш муҳимлиги таъкидланди. 

Ўзбекистон Хитой билан фан, маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида хорижий элчиларга мамлакатимизнинг вазирлик, идора ва ташкилотлари билан фаол ишлаш, жойлардаги салоҳият ва имкониятлар, халқимизнинг бой тарихи ва маданияти билан яқиндан танишиш учун ҳудудларга тез-тез ташриф буюришни таклиф этди. 

Турли масъулиятли лавозимлардаги фаолияти давомида тўпланган тажриба хорижий дипломатларга белгиланган мақсадларга самарали эришиш ҳамда Ўзбекистон билан икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида ўз зиммасига юклатилган муҳим миссияни муваффақиятли адо этишга хизмат қилишига ишонч билдирилди. 

Ўз навбатида, янги тайинланган элчилар самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, мамлакатларимиз ўртасидаги кенг миқёсли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга бор саъй-ҳаракатларини сафарбар қилишини қайд этдилар. 

ЎМИ Матбуот хизмати

4959 марта ўқилди