Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Меҳр-мурувват чегара билмайди, уни ҳар ким ҳар кун қилиши керак

Мурувват, ўзгаларга яхшилик қилиш, ғамгин қалбларга хушнудлик улашиш халқимизга хос қадриятларимиздандир.

Юртимизда баҳор фасли кириб келиши билан имом-хатибларимиз томонидан мурувват улашиш ишлари жадал суратларда бошлаб юборилди.

Самарқанд туманидаги “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби А.Пўлатов ташаббуси билан ҳомийларни жалб қилган ҳолда қатор хайрия ишлари амалга оширилди. Жумладан,

Самарқанд шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиниб, баҳор айёми билан муборакбод этилди. Уларни ўқишга, илм олиб ўз касбининг етук мутахассислари бўлишга қизиқтирилди, ҳаётий мисоллар ила мурғак қалблар руҳлантирилди. Шунингдек, 140 нафар тарбияланувчи учун зиёфат дастурхони ташкил этилди.

Бундан ташқари, имом-хатиб ташаббуси билан ёнғин сабабли уйига жиддий талофат кўрган Самарқанд туман Жўй-Сой маҳалласида яшовчи Ш.Э.га қурилиш моллари ва моддий кўмак, Самарқанд туман Конигил маҳалласида яшовчи жигар касаллиги (эхинокок) билан оғриган фуқаро К.Сга дори дармон учун моддий ёрдамлар кўрсатилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

3497 марта ўқилди