Ўзбекистон янгиликлари

Наманган вилояти ҳокими ўринбосари: “Қуръони каримни ўқиш, ёдлаш ва фаҳмлашда жуда ҳам кўп ҳикмат бор”

Наманган шаҳрида бўлиб ўтаётган қорилар мусобақасида вилоят ҳокими ўринбосари Ҳабибуллоҳ Маткаримов сўзга чиқиб, жумладан шундай деди:
– “Бугун барчамиз учун ниҳоятда улуғ кун, катта хурсандчилик айёми. Сабаби диёримиз бўйлаб ўтказилаётган Қуръони карим мусобақабасининг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқичи ўтказилмоқда. Ушбу муборак калом бизни эзгуликка, тинчликка, асл инсоний қадриятларни асраб-авайлашга даъват этади, деб баралла айта оламиз.
Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликларида мана бир ярим йил давомида барча соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар бўлди. Хусусан, диний-маърифий соҳада ҳам талайгина ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан диёримиз мўмин-мусулмонлари учун жуда кўп қулайликлар берилмоқда. Имом Термизий, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказлари ташкил этилди, Ислом цивилизацияси маркази фаолият бошлади, Бухорода Олий мадраса очилди, диний таълим муассасаларига талабалар қабул қилиш квотаси кўпайтирилди, Самарқандда калом ва ҳадис, Бухорода тасаввуф, Қашқадарёда ақида, Фарғонада фиқҳ илмий мактаблари иш бошлади.
Ўлкамиздаги қадамжолар, зиёратгоҳлар ва масжид-мадрасаларда қурилиш-таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Вилоятимиз мисолида оладиган бўлсак, “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи, Исоқхон тўра Ибрат номидаги мактаб ва боғ барпо этилмоқда, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилояти вакиллиги ва “Ҳидоя” билим юрти замонавий бинога кўчиб ўтди. Буларнинг барчаси маънавиятимизни юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг юксалишига хизмат қилади.
Мана шундай ишларнинг узвий давоми сифатида бугун гуллар шаҳри бўлган, гўзал шаҳримиздаги “Имом Аъзам” жоме масжидида Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи – Қуръони каримни ўз қалбларига жо қилган қорилар, шаҳар-туман босқичлари ғолиблари ўртасида мусобақанинг иккинчи, яъни Наманган вилояти босқичи бўлиб ўтади. Барчамиз Аллоҳнинг буюк неъмати – Ҳақ каломини ёдлаш бахтига муяссар бўлган қориларнинг хушсавт қироатларидан баҳраманд бўлиб, завқланамиз. Дарҳақиқат киши учун Қуръонни тинглашдан-да роҳатбахш нарса бўлмаса керак.
Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташрифлари чоғида Қуръон мусобақасини ўтказиш ташаббуси илгари сурилган эди. Шунга мувофиқ, мусобақа кўтаринки руҳда, оммавий тарзда ўтказилмоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Қуръони каримни ўқиш, ёдлаш ва фаҳмлашда жуда кўп ҳикмат бор. Муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”. Азизлар бугунги мусобақа файзли, шукуҳли ва тароватли ўтишини Яратган Парвардигордан сўраб қоламиз”.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб, завқ олишда давом этинг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

793 марта ўқилди

Янгиликлар

Top