Версия для печати

Ўзбекистон янгиликлари

Дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари тарихидаги янги саҳифа

Туркия Республикаси Ўзбекистон ташқи сиёсатида алоҳида ахамиятга эга бўлган, кучли ташқи сиёсат олиб бориш салохиятига эга, хар томонлама диверсификациялаштирилган иқтисодиёти, хамда замонавий қуролли кучларга эга бўлган мамлакат ҳисобланади. Буни қуйидаги бир қатор омиллар билан изоҳлаш мумкин.
Биринчидан, Туркия дунёдаги 200 дан ортиқ мамлакатлар ичида Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва шу тариқа унинг дунё харитасида янги давлат сифатида эътироф этилиши жараёнини бошлаб берган.
Иккинчидан, ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб туради. Ҳар икки халқ ҳам туркий тилда сўзлашувчи бўлиб, уларнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин. Қолаверса, Туркиянинг ривожланган саноати, транспорт коммуникациялари, денгиз йўллари, қишлоқ хўжалиги, туризм салоҳияти, улкан давлатчилик тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади.
Туркия Осиё ва Европа қитъалари кесишган нуқтада жойлашган, маъмурий-ҳудудий тузилишига кўра унитар давлат, бошқарув шаклига кўра эса президент-парламент республикаси ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ Туркия Республикаси демократик, дунёвий ва социал-ҳуқуқий давлат бўлса-да, аҳолисининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил қилганлиги боис, бу ерда ислом динига нисбатан ҳурмат анча юқори экани кузатилади.
Туркия турли соҳаларда, ўрнак бўлса арзигулик даражада ривожланган мамлакат, ўзининг иқтисодий қудратига кўра у дунёда кучли 20-талик гуруҳи (G20) давлатларидан биридир. Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр мамлакат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб, тобора индустриаллашиб бораётганини алохида таъкидлаш лозим.
Мамлакат иқтисодиётида саноатнинг улуши 28 фоизни, қишлоқ хўжалиги 15, қурилиш 6, хизматлар 51 фоизни ташкил этади. Саноат ишлаб чиқаришининг умумий ҳажмида қайта ишлаш саноати энг катта улушга эга. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда. Тўқимачилик, кончилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш тараққий этган. Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади.
Туркиянинг юқоридаги жабҳалардаги ибратли ютуқларини ўрганиш, ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиётини модернизация қилиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда ушбу мамлакатнинг илғор тажрибасидан фойданиш ва турк тадбиркорлари ҳамда компанияларининг сармояларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган турли, икки томонга ҳам фойдали бўлган қўшма лойиҳаларга жалб қилиш мамлакатимизнинг миллий манфаатларига тўлиқ мос тушади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Туркиянинг минтақамиздаги ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади. Юртимиз бугунги кунда Анқаранинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Диёримизнинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканидан далолатдир.
Ҳозирда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари жадаллик билан ривожланиб бормоқда, ижобий ўсиш тенденцияси ҳамкорликнинг барча соҳаларида яққол кўзга ташланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компанияси фаолият юритмоқда. 2016 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг тўққиз ойи мобайнида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 29 фоизга ошди. Ўтган йилнинг ўзида юртимизда Туркия ишбилармонлари сармояси иштирокида 20 дан ортиқ корхона ташкил этилди, 53 компаниянинг ваколатхоналари эса аккредитация қилинди. Ушбу рақамлар Ўзбекистон-Туркия муносабатларида нечоғлик улкан салоҳият борлигини ёрқин намоён этмоқда.

2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очилганини таъкидлаб этиш ўринлидир. Буни Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон ўртасида йил давомида бўлиб ўтган қатор учрашувлар ҳам яққол тасдиқлайди. Хусусан, Президент Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2016 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрига ташрифи давомида, 2017 йил май ойида Пекинда ўтган “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида, 2017 йилнинг сентябрь ойи бошида Остона шаҳрида бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича саммити майдонларида, 20 сентябрда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида икки мамлакат етакчилари ўзаро учрашиб, ҳамкорликнинг истиқболлари тўғрисида фикрлашиб олган эдилар.
Ўзбекистон раҳбарининг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган ташрифи юқорида зикр этилган мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди. Учрашув ва музокаралар чоғида мамлакатларимиз ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, транспорт, туризм, илм-фан ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинган эди.
Ўзбекистон Президенти Туркияга сафари давомида икки давлатнинг парламентлараро алоқаларига ҳам муҳим эътибор қаратди. Шавкат Мирзиёев, жумладан, Буюк миллат мажлисига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида, парламентлар ўртасида ришталарни мустаҳкамлаш, уларнинг қонун ижодкорлиги ва парламент назорати механизмлари бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида урғу берган эди.
Ташриф доирасида Истанбул шаҳрида икки мамлакат ишбилармонлари иштирокида ўтказилган бизнес-форумда йирик энергетика объектлари ва йўл инфратузилмасини қуриш, тўқимачилик маҳсулотлари, электр жиҳозлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ҳамда агросаноат тармоғида замонавий саноат ва логистика марказлари ташкил этиш борасида 3,5 миллиард доллар ҳажмидаги 30 дан ортиқ лойиҳа бўйича битимлар имзолангани икки томонлама иқтисодий муносабатларга янги шиддат бахш этди.
Президент Шавкат Мирзиёев яқин йилларда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3-4 миллиард долларга етказиш бўйича келишувга эришилгани, бу икки мамлакат ишбилармонлари учун кенг имкониятлар яратишини алоҳида таъкидлаган эди.
Ўта самарали кечган олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди. Улар орасида Президентлар томонидан имзоланган Қўшма баёнот алоҳида ўрин тутди.
Шубҳасиз, Туркия Республикаси раҳбари Режеп Таййип Эрдўғоннинг яқин орада Ўзбекистонга режалаштираётган ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юқори даражага олиб чиқишга ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим истиқболларини белгилаб беришга хизмат қилади. Имзоланиши кутилаётган ҳужжатлар ва келишувлар икки давлат муносабатлари ва қардош халқлар дўстлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаши аниқ.


Баҳром Сотиболдиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро
тадқиқотлар институти бўлим раҳбари


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

5388 марта ўқилди