Ўзбекистон янгиликлари

Берунийнинг "Минералогия" асари илк бор ўзбек тилида чоп этилди

Ўзбекистон ҳудуди қадимдан жаҳон цивилизацияси марказларидан бири бўлиб келган. Шарқда илк Уйғониш даврининг қомусий олимларидан бири Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний умумжаҳон аниқ ва ижтимоий фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ақл-заковат соҳибидир.
navoi.uz билдиришича, унинг табиий-илмий ва маърифий-педагогик ҳамда психологик қарашларининг шаклланишида Шарқ, юнон ва ҳинд қомусий олимларининг асарлари таълим ва тарбия мактаби вазифасини ўтади. Беруний бу олимларнинг асарларини ўқиб билиш учун ёшлигиданоқ араб, форс, юнон, санскрит ва яҳудий тилларини пухта ўрганди.
У астрономия, астрология, фалсафа, математика, физика, геодезия, геология, фармакогнозия, минералогия, тарих, адабиётшунослик, таржимонлик, луғатшунослик каби соҳаларда тадқиқотлар олиб борди, илмий ва бадиий асарлар яратиб, улкан самараларга эришди. Манбаларга кўра, машҳур қомусий алломанинг 160 дан зиёд илмий ишидан бизгача фақат 30 дан ортиғи етиб келган, холос.
Хусусан, Беруний дунё илм-фанида биринчилардан бўлиб денгизлар назариясини ишлаб чиқди. Ер радиусини ҳисоблаб, унинг шарсимон глобусини яратиш юзасидан ўзига хос янги ғояларни ил¬гари сурди ҳамда вакуум, яъни бўшлиқ ҳолатини изоҳлаб берди. Колумб саёҳатидан 500 йил аввал Тинч ва Атлантика океанлари ортида қитъа мавжудлигини айтди. Минераллар таснифи ва уларнинг пайдо бўлиш назариясини яратди. Геодезия фанига асос солди. Шунинг учун ҳам дунё табиий фанлар тарихчилари то¬монидан XI аср "Беруний асри" деб номланади.
Улуғ алломанинг бизгача етиб келган "Минералогия" асарида 30 дан зиёд қим¬матбаҳо тош ва минералларнинг номи, уларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини аниқлаш, эритиб синаш, деярли барча қимматбаҳо тош ва турли маъданлар, уларнинг қотишмалари ҳақида ил-мий маълумотлар берилган. Мазкур асар қатор хорижий тилларга таржима қилинган бўлса-да, шу вақтгача ўзбек тилига ўгирилмаган эди. Навоий кон-металлургия комбинати ташаббуси билан Навоий давлат кончилик институти ва Тошкент давлат шарқшунослик институти олимлари ҳамкорлигида "Минералогия" ўзбек тилига таржима қилинди ва "Ўзбекистон миллий энциклопедияси" нашриётида чоп этилди.
Куни кеча Навоий давлат кончилик инс¬титутида Абу Райҳон Берунийнинг "Минералогия" асарининг янгича қиёфа касб этган китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда республикамизнинг етакчи олий ўқув юртлари профессор-олимлари ва таниқли мутахассислар қатнашди.
Тадбирда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Навоий давлат кончилик институти ректори, профессор Қувондиқ Санақулов, Абу Райҳон Беруний номидаги шарқшунослик институти профессори Мирсодиқ Исҳоқов, Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий, геолог олим Исоқул Туробовлар сўзга чиқиб, буюк қомусий олимнинг "Минералогия" асари нафақат илмий, балки тарихий нуқ¬таи назардан ҳам ало¬ҳида қимматга эгалиги, эндиги вазифа ушбу асарни илмий тадқиқотчилар, мутахассислар, тарихчилар, қолаверса, кенг халқ оммасининг мулкига айлантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Шунингдек, мазкур ноёб асарнинг она тилимизга таржима қилинишида ўзбек адабиётшунослигининг улуғ намояндаси, атоқли олим, заҳматкаш ва толмас тадқиқотчи, академик Азизхон Қаюмовнинг беқиёс хизматларини алоҳида эътироф этишди.
— Дунёга Ўзбекистон замини туҳфа этган буюк алломалар яратган нодир асарлар бугун ҳам маънавий ҳаётимизнинг асоси, фундаментал тадқиқотлар ва илмий изланишлар учун манба бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди профессор М. Исҳоқов. — Беруний минераллар ва маъданларнинг ўз давридаги нарх-навоси, баъзиларининг шифобахшлик хусусиятлари, нодир тош ва металлар билан боғлиқ айрим қизиқарли этнографик маълумотларни баён этганки, булар мазкур китобнинг муҳим тарихий манба сифатидаги аҳамиятини янада оширади.
Дарҳақиқат, Берунийнинг "Минералогия" асарининг ўзбек тилида нашр қилиниши ёшларимиз ўртасида буюк аждодларимиз илмий хазинасидан кенгроқ хабардор бўлиш имкониятини беради.
Тадбирда асарнинг электрон нашри ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

5274 марта ўқилди

Янгиликлар

Top