Ўзбекистон янгиликлари

Янги масжиддан янгича яхшилик

Яқинда Сирдарё вилоятида «Аҳмад ибн Малик» номли янги масжид очилганлиги ҳақида хабар қилинган эди. Мазкур масжид ходимлари саховатпеша инсонлар билан ҳамкорликда10 нафар ногиронлиги бор кишиларга ногиронлар аравачасини манзилли равишда тарқатишди. Бу хайрли ишдан Сирдарё тумани «Интилиш», «Оқ йўл», «Наврўз», ва «Илғор» маҳалласида истиқомат қилувчи ногиронлиги бор кишиларнинг  қалблари қувончга тўлди, оғирлари енгил бўлди.

 

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Ким мусулмон биродарининг ҳожатини раво қилса, умрини Аллоҳ ибодатига бағишлаганлардек савоб олади”. Алишер Навоий айтганларидек, «Бир кўнгил иморати — Минг Макка зиёрати». 

Атрофимизда шундай инсонларнинг бўлишида Аллоҳнинг ҳикмати бор. Улар биз учун ҳам ибрат ҳам синовдир.

Ибрат эканлиги шундаки, уларни кўриб фикр юритиш Яратганга шукр қилиш кераклигини ва соғ-саломат ҳар бир тана аъзоларимизнинг ҳақини адо қилишимиз зарурлигини эслатади. Айниқса, кўзи ожиз қориларнинг махсус Қуръон китобларини ўқиб, Аллоҳнинг каломини ёдлаётганликлари ҳамда оёқ-қўли йўқ, бир жойга михланиб қолганларнинг намоз ўқиб, рўза тутиб ихлос билан ибодат қилишлари биз соғлом инсонларнинг ибрат кўзларимиз очилишига туртки бўлади.

Синов эканлиги эса, улар бизнинг ёрдамимизга, айниқса меҳримизга муҳтож. Уларни зиёрат қилиб, қўлдан келган ёрдам ва меҳримизни бериб турсак инсонийлик бурчимизни адо қилган ва улкан ажру-савобларга эга бўламиз, иншаоллоҳ!

 

Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи вассаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Қиёмат кунида бандасини ҳисоб китоб қилар экан айтади: Эй одам боласи, оч қолган эдим, Менга таом бермадинг. Банда сўрайди: Сенга қандай таом бераман, ахир Сен бутун оламларнинг Парвардигори бўлсанг? Оллоҳ айтади: Эсингдан чиқдими, фалон бандам оч-наҳор қолган эди, агар уни таомлантирганингда, бунинг савобини бугун Менинг ҳузуримда олар эдинг. Эй одам боласи, чанқаган эдим, сув бермадинг. Банда айтади: Бундай қила олмас эдим, ахир Сен бутун оламлар Парвардигори бўлсанг. Аллоҳ таоло айтади: Ёдингдан чиқдими, фалон бандам чанқаган эди, агар унга сув берганингда, бунинг савобини бугун Менинг ҳузуримда олар эдинг. Эй одам боласи, касал эдим, йўқламадинг. Банда айтади: Қандай йўқлайин, ваҳоланки Сен бутун оламларнинг Парвардигори бўлсанг. Эсингдами, фалон бандам бетоб эди, ундан ҳол-аҳвол сўраб бормадинг, агар шундай қилганингда Мени унинг ҳузурида топар эдинг».

Аллоҳ таоло барчамизни шундай эзгу-савобли ишларда бардавом бўлишимизни насиб айласин.

Қобилов Улуғбек 

Сирдарё тумани «Ахмад ибн Малик»

жоме масжиди имом хатиби 

2999 марта ўқилди

Янгиликлар

Top