Ўзбекистон янгиликлари

Президент йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 4 апрель куни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш борасидаги ишларни таҳлил қилиш ва энг муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати расмий сайтда хабар берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилди. 2018 йил 1 январдан “ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузуридаги Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича 201 та ана шундай марказлар ташкил этилган. Улар томонидан болаларни мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш, фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, лойиҳа ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат бериш, якка тартибда уй-жой қуришга рухсат бериш, сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш каби хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилган.

Бундай хизмат турлари босқичма-босқич кўпайтириб борилади. Бу барча вазирлик ва идораларда бутун фаолиятни автоматлаштириш, улар ўртасида электрон ахборот алмашувини тўлиқ йўлга қўйишни талаб этади.

Йиғилишда бу борадаги муаммолар танқидий таҳлил қилиниб, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли идораларга давлат хизматлари бўйича электрон ахборот тизими ва электрон маълумотлар базасини яратиш, барча давлат хизматлари марказларини оптик толали интернетга улаш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш қамрови ва сифати аҳолининг ахборот технологияларидан фойдаланиш малакасига ҳам боғлиқ. Шу боис жисмоний ва юридик шахсларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш, ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш ва олишга ўргатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбиркорларга қулайликларни янада ошириш, лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-қоидаларини кескин қисқартириш ва соддалаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Хусусан, барча рухсатнома ва лицензияларни электрон тизим орқали тақдим этиш имконини берадиган “Лицензия” ахборот комплексини тўлиқ ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда соҳага масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

245 марта ўқилди

Янгиликлар

Top